ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik, Александр Шишло. Экспертлар Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги визасиз тартибни қонунан расмийлаштиришга киришдилар, деб хабар берди РИА Новости ЕИ Кенгашидаги манбадан олинган маълумот асосида.
"Экспертлар кеча (чоршанба куни – таҳр.) Еврокомиссия таклифи юзасидан расмий ишларни бошлаб юборишди", — деб хабар қилди агентликка суҳбатдош.
Эътиборлиси, сал олдин эса Европарламент раиси Мартин Шульцнинг расмий вакили виза тартибини осонлаштириш жараёни Анқара ЕИ томонидан қўйилган 72 шартнинг барчаси бажарилган тақдирдагина ишга тушиши ҳақида айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, бажарилиши керак бўлган шартлар сирасига мамлакатда коррупциянинг йўқ қилиниши, Европол билан тезкор равишда битим тузиш музокараларини ўтказиши, ЕИ таркибига кирувчи барча мамлакатлар билан суд ҳамкорлигини йўлга қўйиши, шунингдек, маълумотлар ҳимояси бўйича қоидаларни ЕИ стандартларига мувофиқлаштириш каби талаблар киритилган.
Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Еврокомиссиянинг бу позициясини қаттиқ танқид остига олди ва Анқара террорчиликка қарши қонунларга ўзгартириш киритмаслигини маълум қилди. “Кечирасиз, лекин биз ўз йўлимизда кетяпмиз, сизлар ўз йўлингиздан бораверинг”, — деб таъкидлади Туркия раҳбари.
Виза тартибини эркинлаштириш – Анқара ва Брюссел ўртасида март ойида қочқинлар борасида тузилган келишувнинг бир қисмидир. Европага йўл очилиши учун Анқара Европа Иттифоқининг 72та шартини бажариши лозим.