ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманида жойлашган бўлагида ер кўчиши содир бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон ФҲ вазирлигида.
“Тўртинчи май куни соат 14:00да Қамчиқ довонида, Тошкент-Ош йўлининг 223 километрида ер кўчиши содир бўлди. Кўчки оғирлиги 13,3 кубометрни ташкил қилди. Кўчки остида икки машина қолиб кетди ва 5 киши қурбон бўлди”, — дейилган ФҲВ хабарида.
ФҲВ хабарига кўра, ўз вақтида кўрилган чораларга биноан 6 киши қутқарилди, жабрланганлар ва уларнинг яқинларига ёрдам кўрсатилмоқда.
Қамчиқ довони денгиз сатҳидан 2,2 км баландликда жойлашган бўлиб, ушбу довон орқали Ўзбекистонни Фарғона водийси билан боғловчи ягона йўл ўтган. Ҳар куни ушбу йўлдан 20 мингга яқин автомобил қатнайди.
Қиш вақтида довонда автомобил ҳаракати мураккаблашади. Қор кўп бўлганда ва ер музлаганда йўл вақтинча ёпилиши ҳам мумкин. Яқин орада ушбу довон орқали темир йўл ҳаракати ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.