ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Корея халқаро ҳамкорлик ташкилоти(KOICA) Ўзбекистон ҳукуматига Тошкент аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи янги терминал лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий тадқиқотлар натижасини тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент аэропортини Марказий Осиёнинг боғловчи аэропортига айлантириш, шунингдек, мамлакат рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати эскирган ва кичик халқаро аэропортни (Аэропорт-2) янги халқаро йўловчи терминали билан алмаштирмоқчи. Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш KOICAга топширилган эди.
"Пойтахт аэропорти(Тошкент-4)нинг янги терминали лойиҳаси тўрт йил давомида ҳаётга татбиқ этилади. Аэропорт майдони ҳажми икки баробарга ортади, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи терминал эса ҳозиргига нисбатан уч баробарга кенгаяди”, — деб хабар қилишди Sputnik Ўзбекистонга Корея агентлиги ваколатхонасида.
Янги халқаро терминал қурилиши 2019 йил охирига қадар якунланиши режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун эса 312 миллион доллардан кўп маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Сарф-ҳаражатларнинг каттагина қисми — 300 миллион долларга яқини чет эл инвестициялари, жумладан Жанубий Корея инвестициялари ва кредитлари эвазига қопланади.
Янги терминал соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатади.