ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Бу йил 9 май Хотира ва қадрлаш кунида Тошкентда биринчи марта “Ўлмас полк” тадбири бўлиб ўтади, деди Глеб Смирнов — тадбирнинг Ўзбекистондаги ташкилотчиларидан бири.
“Нуроний” жамият фонди маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 3 мингдан ортиқ Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва 70 мингга яқин меҳнат фронти фахрийлари яшаб келмоқда. Ўзбекистондан урушда 1,4 миллион одам қатнашган, улардан 400 мингдан зиёди қурбон бўлган, 130 мингги дараксиз йўқолган.
“Тошкентда “Ўлмас полк” тадбири ўтказишга ҳокимиятдан рухсат олинди. Тадбир Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилмоқда, биз маълумот тўплашга киришдик”, — деди Смирнов.
Тадбир ўтказиш ташаббускорлари Ўзбекистон фахрийлар ва ногиронлар уюшмаси “Ветеран” ва бошқа жамоат вакилларидир.
Тадбир Тошкентда куннинг биринчи ярмида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ёнида бўлиб ўтади. Тадбир қатнашчилари Сўнмас олов олдига келиб Иккинчи Жаҳон уруши ва бошқа урушлар қурбонларини эсга олишади. Ташкилотчилар айтишига қараганда, тадбир учун ишлатилган барча фото материаллар кейинчалик Ўзбекистон Қуролли кучлари музейига топширилади.
"Шаҳидлар хотираси" мажмуаси 1975 йилда, 1941-1945 йилда Тошкента ишлаган ҳарбий госпитал ўрнида қурилган. Мажмуа ҳудудида урушда яраланган ва госпиталда вафот этган 1,5 минг Совет аскар ва зобитлари дафн этилган.
“Ўлмас полк” – бу жамоат тадбири бўлиб, унда қатнашчилар Иккинчи Жаҳон ва бошқа ҳарбий тўқнашувларда қурбон бўлган ўз яқинларининг суратини кўтариб ўтишади. Ушбу тадбир Россия ва бошқа мамалкатларда 9 май куни ўтказилади. 2015 йилда тадбирда умумий ҳисобда 12 миллион одам қатнашди.