ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Сурия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудига АҚШнинг 150 нафар ҳарбийси кириб келгани ҳақидаги хабарни ҳавотир ила қарши олиб, ушбу ҳаракатни мамлакат суверенитетига даҳл қилиш сифатида баҳолади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
"Суриянинг Румейла туманига 150 нафар Америка ҳарбийларининг кириб келишини ҳавотир билан қарши олдик. Сурия Араб Республикаси бу агрессив ҳаракатга ўз норозилигини билдириб, уни Сурия суверенитетини бузиш ва хавфли босқинчилик сифатида баҳолайди”, дея иқтибос келтиради агентлик ТИВ вакили баёнотидан.
Сал олдин Суриядаги қурдлар вакили Sputnik агентлигига қурдлар назоратида бўлган Румейла шаҳрига 150 нафар Америка ҳарбий аскарлари кириб келгани ҳақида хабар қилган эди. Манбанинг айтишича, улар орасида инструкторлар ва махсус хизмат вакиллари ҳам бор. Манба шунингдек, қурд кучлари уларни ўз ҳимоясига олганини маълум қилди.
Бундан сал олдин АҚШ президенти Барак Обама маҳаллий иттифоқдошларга “Ислом давлати” террорчилик уюшмасига қарши курашда ёрдам тариқасида қўшимча 250 нафар америкалик ҳарбий аскарларини юборилиши ҳақида хабар қилган эди. Обаманинг сўзларига қараганда, америкалик ҳарбийлар жангларда иштирок этмайди, балки маҳаллий аскарларни ўқитиш билан шуғулланади. Яқинга қадар Суриядаги Америка ҳарбийлари сони атиги 50 нафарни ташкил қиларди.