ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 25 апрелда имзолаган "айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги" қонунига мувофиқ паспорт тизимидаги қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилди, дейилади Халқ сўзи нашрида.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, эндиликда паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши— энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш —
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солинади.
Фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.