ТОШКЕНТ, 22 апр – Sputnik. 21 апрель куни Оттава шаҳрида Ўзбекистон ва Канада ТИВ ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги 5-раунди ўтказилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот-хизмати.
“Суҳбат давомида турли соҳалардаги ҳамкорликни босқичма босқич ривожланишидан Ўзбекистон ва Канада бирдек манфаатдор эканлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестицион, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда мавжуд бўлган ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини амалда қўллаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабар матнида.
Канада Ташқи ишлар ва халқаро савдо вазирлиги делегациясига Европа ва Евроосиё ишлари бўйича бюро Бош директори Метю Левин раҳбарлик қилди.
Учрашувда 2015 йил бошида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек халқаро ва минтақавий долзарб муаммолар, жумладан Афғонистондаги ҳолат муҳокама қилинди.