ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Афғонистон Қуролли кучлари террорчиликка қарши курашиш учун етарлича қурол-аслаҳага эга эмас, дея баёнот қилди Афғонистон қуйи палатаси спикери Рауф Абдул Иброҳимий, РИА Новости хабарига кўра.
"Мамлакатимиз хавфсизлик тизимлари ҳамда Қуролли кучлари таркибидаги ёшларимиз ҳар куни террорчиликка қарши кураш олиб бормоқда ва ўз халқи, ўз ватани хавфсизлигини таъминламоқда. Аммо региондаги кучлар баланси ва мамлакатнинг хавфсизликка бўлган ўткир эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, шуни таъкидлаш мумкинки, Афғон Қуролли кучлари шу кечаю-кундузда керакли қурол-аслаҳага ҳамда тайёргарликка эга эмас”, — дея таъкидлади Иброҳимий Москвада ўтган Евроосиё парламентлари спикерлари учрашувида.
Спикер мажлис иштирокчиларидан ушбу курашда Афғон халқи ва армиясини ўз ҳолига ташламасликни сўраган. "Ҳамжиҳатликда кураш олиб бориш орқалигина Афғонистон билан қўшни бўлган давлатларга террорчилар кириб боришининг олдини олиш мумкин", — дея таъкидлади Иброҳимий.
Афғонистонда баҳорда, тоғларда қорлар эриши ва йўллар очилиши билан, турли қуролланган гуруҳлар фаоллиги сезилади. Асосан “Толибон” таъсири остида бўлган ушбу мамлакатда охирги вақтда“Ислом давлати” таъсири ҳам кучаймоқда. Баъзи хабарларга кўра, Сурияда ўз кучини йўқотган “Ислом давлати”, Афғонистонда ўрнашиб олишга қарор қилган.
Афғонистон пойтахтида камикадзе-террорчи томонидан уюштирилган портлаш бунинг яққол исботидир. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт натижасида ҳалок бўлганлар сони 28 нафарга етган, жароҳат олганлар сони эса 320дан ошган.