ТОШКЕНТ,18 апр — Sputnik. Ўтган шанба якшанба кунлари Рио-де-Жанейрога йўлланма олган спортчилар сони яна бештага ошди, деди Миллий Олимпиада қўмитаси матбуот хизмати.
Таекводо бўйича Никита Рафалович, Нигора Турсункуловалар Филиппин пойтахти Манилада бўлиб ўтган мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб Олимпиада лицензиялари қўлга киритишди.
Стол тенниси бўйича Гонконгда бўлиб ўтган мусобақада Зоҳид Кенжаев олимпиада лицензиясини қўлга киритди. Кенжаев ушбу спорт туридан олимпада мусобақалари даражасига кўтарилган биринчи Ўзбекистонлик спортчи бўлди.
Яна икки олимпиада лицензияси Ўзбекистон жамоаси гимнастика бўйича қўлга киритди. Улар Пекин олимпиадаси совриндорлари Антон Фокин ва Оксана Чусовитина. Ушбу лицензия билан бирга Чусовитина фаолияти давомида олимпиада ўйинларида энг кўп марта қатнашиш бўйича рекорд ўрнатиши мумкин.
1975 йилда Бухорода туғилган Оксана Чусовитина олимпиада ўйинларида қатнашишни 1992 йилда бошлаган, Рио-де-Жанейродаги олимпиада ўйинлари гимнастикачи фаолиятида еттинчи олимпиада ўйинлари бўлади. Ушбу соҳада олдинги рекорд Болгариялик гимнастикачи Йордан Йовчевга тегишли эди. У олти олимпада қатнашчиси бўлган.