ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ягона валюта киритилиши масаласини қисқа фурсатда кўриб чиқиш керак, деб баёнот қилди жума куни Қирғизистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Али Карашев “Евроосиё иқтисодий истиқболлари” форумида.
"Иложи борича қисқа фурсат ичида валютани тартибга солиш масаласини кўриб чиқишимиз лозим. Жумладан, ташкилот доирасида ҳамкорликдаги савдо-сотиқни амалга ошириш ва божхона тартиботларини йўлга қўйиш учун ЕОИИда ягона валюта киритиш масаласини ўйлаб кўриш керак", — деб таъкидлади у.
Арманистон миллий кенгаши депутати Грант Багратян ҳам ягона валюта киритилиши зарурати ҳақида баёнот қилди. "Валюталар масаласи жуда долзарб, бу масала 2025 йилга қадар қолдирилиши мумкин, деб ўйламайман", — деди у. Арманистон республикаси вакили фикрига кўра, ушбу масала ўз ечимини топмаётгани “ЕОИИга аъзо мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин”, чунки доллар эвазига савдони амалга ошириш ушбу валютани “четдан” олишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, ЕОИИга аъзо давлатлар ўз ҳудудларида маҳсулотлар, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши, иқтисодиётнинг энергетика, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби муҳим соҳаларида мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга оширишни кафолатлайдилар.
Бугунги кунда ушбу ташкилотга Россия, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.