ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Турли ОАВларда хабар берилишига кўра, Бангладешда охирги 14 ой давомида 6 фаол журналист ўлдирилган, Евроньюс, Ирна, Haqqin ва бошыа бир неча ОАВлар хабарига кўра, ушбу мудҳиш қотилликлар ИД тарафдорлари томонидан эркин фикрловчи журналистларни қўрқитиш учун амалга оширилмоқда.
Дакка полицияси маълум қилишича, 6 апрель куни кечқурун Жаганнат Университетида журналистика йўналишида магистр бўлган 26 ёшли Назимуддин Самад уйига қайтаётганда уч —тўрт киши томонидан қуршаб олинган. Қотиллар дастлаб Самадга пичоқ санчган ва сўнгра отиб кетишган, kun.uz хабарига асосан.
"Жиноятчилар мотоциклларда воқеа жойидан қочиб кетгани сабабли ҳеч ким мазкур иш бўйича қўлга олинмаган", —деди Дакка полицияси вакили.
Бангладешлик талабалар, ушбу ваҳшиёна қотилликка ўз муносабатларини билдириш мақсадида намойишлар ўтказган.
Қайд этилишича, Самаднинг ўлдирилиши мамлакатда кейинги 14 ой ичида олтинчи журналистнинг ўлдирилиши бўлди. Ушбу қотиллик аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган мамлакатда эркин фикрловчи журналистларга қарши кураш, қўрқитиш ва уларга таҳдид қилиш усулларидан биридир.
Бангладеш конституциясида Ислом дини давлат дини сифатида қайд этилган бўлсада, дунёвийлик қоидалари ҳам қўллаб-қувватланади. Самаднинг танишларидан бири Имрон Саркарнинг айтишича, Назимуддин эркин ва дунёвий фикрловчи фаол ходимлардан бири бўлган.
"У, диний фундаментализм, уруш жиноятлари, коррупция ва аёллар ҳуқуқлари поймол этилишини фош этувчи мақолалар муаллифи эди",-дейди Имрон Саркар.
АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Марк Тонер ўз навбатида, Самаднинг ўлдирилишини "ваҳшийлик" сифатида баҳолаб, Вашингтон терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда Бангладеш ҳукуматига ёрдам беришда давом этишини таъкидлаган.