ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik, Алена Палажченко. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россияни Тоғли Қорабоғда юз берган можарода айблади, дея хабар қилмоқда РИА Новости.
Бундан сал олдин Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Россия Тоғли Қорабоғда вазият зиддийлашишида Туркия айбдор эмас, дея баёнот қилган эди.
"Россия — Туркия Қорабоғ можароси тарафдори, деб айтмоқда. Аслида эса, бу можаро тарафдори – Россия”, — деб таъкидлади Эрдўғон, Анқарадаги қишлоқ маъмурияти қаршисида чиқиш қилар экан. “Россия Грузия ва Украинада можаро юз бериши тарафдори бўлган, ҳозир эса у Суриядаги можаро тарафдори”, — дея қўшимча қилган у.
Қорабоғдаги можарога келадиган бўлсак, Туркия президентининг таъкидига қараганда, Арманистон Озарбайжон тутган йўлдан бориб, ўт очишни тўхтатиши лозим. “Агар бу амалга ошмаса, барча айб Арманистон зиммасида бўлади”, — деб қўшимча қилган Эрдўғон.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрелга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда Озарбойжон-Арманистон низоси яна янгиланди. Арманистонлик ҳарбийлар томонидан Озарбайжон вертолёти уриб туширилган ва шундан сўнг қарши томондан артиллерия орқали жавоб зарбалари йўлланган.
Қорабоғ можароси, аҳолисининг асосий қисми арманлардан ташкил топган Тоғли Қорабоғ 1988 йилда Озарбайжон таркибидан чиқишини эълон қилгач бошланган. Тоғли Қорабоғ аҳолисининг 99,89 фоизи Бокудан тўлиқ мустақил бўлишни ёқлаб чиққан референдумдан кейин, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланган. 1994 йил май ойида сулҳ тузиш ҳақидаги келишувлар кучга кирди. Ҳудудлар чегарасида доимий равишда беқарор вазият сақланиб келади.
Ўзбекистон Қорабоғни Озарбойжоннинг таркибида деб билади ва бу масала халқаро ҳуқуқ талаблари асосида ҳал қилиниши керак, деб келади.