2021 йилда Ўзбекистонда табиий газни автоматик ҳисоблаш тизими ишга тушади

© Sputnik / Стрингер / Медиабанкка ўтишГаз ҳисоблагичи
Газ ҳисоблагичи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тўрт йил ичида умумий қиймати 800 миллион долларлик 3,5 миллионта газҳисоблагичлар ўрнатилади.

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонда 2016-2020 йиллар мобайнида табиий газни автоматик ҳисоблаш тизими(ТГАҲТ) тўлиқ ишга туширилади, деб хабар бермоқда "Ўзтрансгаз" АЖнинг лойиҳани амалга ошириш бўйича раҳбари Шаҳноза Исломова.

Мазкур тизим, яъни ТГАҲТ таркибига газ ҳисоблагич ускуналари, маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва жўнатиш тизими, алоқа кабеллари ҳамда зарурий телекоммуникация қурилмалари киради. 800 миллион доллар атрофидаги лойиҳанинг 200 миллион доллари хорижий кредитлар ва қолган қисми Ўзбекистон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Ўзбекистон дунё бўйича биринчилардан бўлиб янги технологияни ҳаётга тадбиқ этишга киришмоқда. 2020 йил охиригача 3,5 миллионга яқин газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режага киритилган, деб хабар қилди Исломова.

2015 йил май ойида "Ўзбекнефтгаз" компанияси Тошкент ва Тошкент вилоятида табиий газни автоматик ҳисоблаш тизимини барпо этиш бўйича танлов эълон қилганди. Унга кўра, паст босимли газ тармоқларида масофадан ҳисоблашни йўлга қўйиш учун 1,04 миллион дона ҳисоблагични ўрнатиш режалаштирилган.

Лойиҳа 2 йил мобайнида амалга оширилади. Унинг қиймати 217, 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Тендер якунлари 2016 йил баҳор мавсумида эълон қилинади.

Компания маълумотларига кўра, бугунги кунда, мамлакатдаги табиий газ истеъмолчиларининг 60 фоизга яқинига ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса-да, маълумотларни жамлаш ва бошқариш бўйича замонавий тизимнинг мавжуд эмаслиги, газ истеъмолини назорат қилишда камчиликларга йўл қўйилишига олиб келмоқда.
Охирги йилларда мамлакатда газ истеъмоли 1,3 мартага ортиб, йилига қазиб олинадиган 60 млрд куб метрга яқин газдан тахминан 45 млрд куб метри маҳаллий мижозларга етказиб берилади. Расмий маълумотларга кўра, 2013 йилда магистрал газ қувурларида йўқотилган газ миқдори 2,1 фоизни ташкил этган. Газ тақсимлаш тармоқларида бу рақам 2,4 фоиздан иборат бўлган. Нодавлат экспертларнинг фикрича, табиий газдан фойдаланиш чоғида 25 фоизи йўқотилади.

Янгиликлар лентаси
0