ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева бир йилдан буён Instagram ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини юритаётгани ҳақида хабар қилди ва сал кейинроқ ўз кузатувчилари саволларига жавоб беришга ваъда берди.
"Азиз дўстлар, Инстаграмдаги саҳифам очилганига мана бир йил ҳам бўлибди. Менга нисбатан бўлган самимий муносабатингиз, эътиборингиз ва қизиқишингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.
Шаҳсий саҳифамни юритиш мен учун бироз қийинроқ кечади деб таҳмин қилган эдим, ахир мен бу ерда ички кечинмаларим, фикрларим, фаолиятимдаги муҳим воқеалар ҳамда мен учун энг азиз бўлган инсонлар — оила аъзоларимнинг суратлари билан ўртоқлашаман.
Менга йўллаётган саволларингиз учун ташаккур, азизлар. Барча саволларга жавоб ёзишга вақт топаолмасам-да, энг қизиқарлиларини кейинроқ батафсилроқ жавоб ёзиш учун инобатга олиб қўйганман. Яна бир бора барчангизга ташаккур!!!”, — дея изоҳ берган Лола Каримова Самарқанддаги Регистон майдонида тушган сурати тагида.