ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Йўл ҳаракатини видеокамералар орқали кузатиб бориш тизими Тошкентнинг асосий чорраҳаларида яқин ойлар ичида ишга туширилади, деб хабар берди Sputnik мухбирига ЙҲХБ раҳбари подполковник Барат Маменов.
Бошқарма раҳбарининг сўзларига қараганда, Тошкентнинг асосий 120 чорраҳасида видеокамералар ўрнатиш тўлиқ якунланган. Ҳозирги кунда тизим синов тартибида ишлатилмоқда.
“Янги тизим уч элементдан ташкил топган: видеокузатув камераси, диспетчер маркази ва патрул автомобиллари. Биринчи босқичда улар фақат автомобил номерини, унинг тезлигини ва қизил чироққа ўтганини қайд қилиш имконига эга”, — деди Маменов
Ушбу тизимни ишга тушуриш учун катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, ЙҲХ қоидабузарликлари автоматик равишда қайд қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун ЙҲХ қоидаларига янги йўл белгиси киритилди.
“Агар видеокузатув камераси қоидабузарликни қайд қилса, машинани ким бошқарганидан қатьий назар, жарима паттаси почта орқали автоулов эгасининг уйига келади. Агар автоулов эгаси жарима солинган вақтда рулда бошқа одам бўлганлигини исботлай олса, биз жаримани у одамнинг номига ўзгартирамиз”, деди Тошкент ЙҲХБ раҳбари.
Қоидабузарликлар автоматик равишда қайд қилинганда протокол тузилмайди, қарор видеокамера маълумоти асосида чиқарилади. Автоулов эгаси жарима паттаси билан бирга қоидабузарлик акс эттирилган фотосурат олади. Шундай қилиб, ушбу жараёнга шаҳар ЙҲХБ ходимлари аралашуви чекланади. Барча ишни техника бажаради. Бу албатта коррупция ҳолатларини камайтиришга ёрдам беради.
ЙҲХ қоидабузарликларини қайд қилиш тизими Ўзбекистонда 5 йилдан бери босқичма-босқич киритилмоқда. Ўтган йили ЙҲХ қоидаларига керакли ўзгаришлар киритилди. Уларга кўра видео ва фото камералар ёрдамида қайд қилинган қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик қонунийлаштирилди. 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда янгиланган ЙҲХ қоидалари кучга кирди.