ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Анқара Берлиндан Туркия президенти Ражаб Эрдўғон ҳақида сўзловчи ҳажвий кўрсатувни ойнаи-жаҳондан олиб ташлашни талаб қилди, деди ўз исми сир бўлиб қолишини истаган туркиялик дипломат Франс-Пресс агентлигига, РИА Новости хабари асосида.
"Биз кўрсатув эфирдан олиб ташланишини талаб қилдик", — деди манба агентликка.
Эслатиб ўтамиз, Германияда 17-март куни Эрдўғон ҳақида намойиш қилинган ҳажвий кўрсатув юзасидан Туркиядаги Германия элчиси мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган эди. Кўрсатувда Туркия президенти Эрдўғон ҳақида қўшиқ куйланган. Қўшиқда Туркиядаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият танқид остига олиниб, Эрдўғон “Ислом давлати” террорчиларини эмас, балки қурдларни бомбардимон қилишни хуш кўриши айтилган.
Ушбу воқеа немис ОАВлари ҳамда жамоатчилик орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Жумладан, немис журналистлари иттифоқи Анқара томонидан билдирилган эътирозни бемаъни, деб топди. “Эрдўғон бу ҳаракати билан ўзини ижтимоий тармоқларда кулгига қўйди. Агар ҳажв учун немис элчиси Туркия ТИВга чақиртирилган бўлса, демак, гап эгасини топибди”, деб таъкидлашмоқда журналистлар иттифоқи аъзолари.
Германия ҳукумати ушбу воқеага изоҳ берганича йўқ.
Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри "Берлиннинг азалий сукути" ҳақида мақола чоп этди. "ЕИ ва Туркия ўртасидаги келишув танқидчилари ўзларининг бежизга хавфсирамаганликларини англашмоқда: Германия ва Европа Иттифоқи Туркияга ўзини шантаж қилдиришга йўл қўйгани аниқ бўлди", — деб ёзади нашр.
"Extra-3" таҳририяти дипломатик можарога карикатура билан жавоб қайтарди. "Ё сизлар шу видеони йўқ қиласизлар, ё мен интернетни", — дейди расмдаги персонаж.