ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Бразилиялик футбол афсонаси Пеле Samsung Electronics ни судга берди, бу ҳақда РИА Новости Рейтер хабари асосида хабар бермоқда.
Пеле айтишича Samsung ўзининг New York Times газетасида чоп этилган рекламасида футболчининг рухсатисиз унинг қиёфадошидан фойдаланган. Бунинг учун у Samsungдан 30 млн $ товон талаб қилмоқда.
Хабарда айтилишича, ушбу реклама New York Times газетасида ва телеэфир орқали 2015 йилнинг октябр ойида намойиш этилган. 2013 йилда эса Samsung футболчи билан унинг қиёфасини компания маҳсулотлари рекламаси учун ишлатиш ҳақидаги шартномани бекор қилган эди.
Футболчининг аризасида айтилишига кўра, рекламада Пеленинг номи айтилмаса ҳам, унда Пелега жуда ўхшаш эркак образи кўрсатилган ва худди Пеле каби “қайчи зарбаси” бераётган футболчи сурати кўрсатилган.
Ҳақиқий исми Эдсон Арантис ду Насименту бўлган машҳур футболчи Пеле, 1940 йилнинг 23 октябрида Бразилияда туғилган. Футбол бўйича уч карра жаҳон чемпиони номига сазовор бўлган. 1995 йилларда у Бразилия Ёшлар, туризм ва спорт вазири лавозимида ишлаган. Ундан ташқари собиқ футболчи киноактер, телетаҳрирчи, бизнесмен ва ўзи ёзган қўшиқларини куйлаши билан шуғуллананди.