ТОШКЕНТ, 23 мар – Spurnik. Таниқли режиссер Зулфиқор Мусоқовнинг янги фильми Тошкентда бўлиб ўтган премьерадан кейин яна шов-шувларга сабаб бўлди, Sputnik мухбири хабари асосида.
“Хазонрезги” фильми одамлар орасидаги ўткир ва оғриқли мавзуларни кўтаради. Мусоқов ушбу мавзуга яқин келиб уни фильм қаҳрамонларининг ёрқин образлари орқали ёритди. Режиссер ҳар доим ўз фильмлари сценарийсини ўзи ёзади ва бу унги ўзи ўйлаб топган фикрларни қойил мақом қилиб кўрсатиш имконини беради.
Фильм марказида Афғон уруши синовидан ўтган қаҳрамон туради. Уни ўтмишнинг даҳшатли ва қонли хотиралари қийнайди, лекин у шошилмасдан, синчиковлик билан ўзининг бугунги ҳаётини анализ қилади.
Орқада даҳшатли Афғонистон, кейин тинч ҳаётда ўз номусини ҳимоя қилиш туфайли қамоққа тушиб қолиши ва озод бўлганидан кейин эса жуда чиройли, лекин бахтсиз аёл билан учрашув. Устига- устак у аёл ҳомиладор.
Бош ролда ўйнаган Бахтиёр Рахимов ўз қаҳрамони образини жуда ёрқин ва эсда қоладиган қилиб ижро этган. Унинг қаҳрамони ҳалол, фикрловчи ва ўта виждонли инсондир.
Фильмнинг асосий воқеалари бир оила атрофида бўлиб ўтади. Уларнинг оиласи яхшилик ва ёмонлик ҳамда турли қийинчиликларга дуч келади. Оила бошига тушган қийинчиликлар натижада уни мустаҳкамлайди ва охир-оқибат севги ғолиб чиқади.
Фильм сценарийси ҳақиқий ҳаётга жуда яқин бўлиб, унинг персонажлари жамиятда учрайдиган миллионлаб кишиларнинг тақдирини такрорлайди, десак адашмаймиз.
Фильмга “Хазонрезги” – деб ном қўйиш бу автор метафораси бўлиб, у куз фаслини билдиради. Кузда барглар тўкилишини инсон умрининг бир бўлагини якуни ва натижалари ҳақида мулоҳаза юритишга ўхшатади.
Режиссернинг сўзларига қараганда, унинг фильмлари қаҳрамонлари ҳар доим оддий халқ вакилларидир. “Ер шари аҳолисининг 90 % ёки ундан ҳам кўпи менинг фильмларим персонажларига айланиши мумкин. Менинг фикримча айнан шулар халқдир, одамдир”, — деб фикр юритади режиссер.
Кинодраматург Рихсивой Муҳаммеджоновнинг фикрига кўра, Зулфиқор Мусоқовнинг ушбу фильми – сўзсиз муваффақиятдир. У кўпчиликка ҳаётнинг энг қийин чорраҳаларида ўз йўлини топишга ёрдам беради.
Фильмда ажойиб актерлар таркиби тузилган. Бош ролларда Феруза Саидова, Бобур Йўлдошев, Шахзода Матжонова, Муноввар Абдуллаева ва бошқалар.
Зулфиқор Мусоқов ўзбек кино санъатида 30 йилдан ортиқ фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар”, “Ватан” ва бошқа фильмлари Ўзбекистонликларнинг севимли фильмига айланган.
Режиссер фаолияти кўплаб халқаро конкурслар ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан юксак эътироф этилган. Улар орасида Чехословакия ва Украина Халқаро кино фестиваллари "Гран При"си, Япония кино фестивали "Олтин грифон" мукофоти, Ялта кино фестивали Гран При ва бошқалар бор. 2006 йилда Зулфиқор Мусоқов "Меҳнат шуҳрати" ордени ва "Ўзбекистонда химат кўрсатган санъат арбоби" унвонига сазовор бўлди.