ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Россия гиёҳванд моддаларни назорат қилиш қўмитаси ходимлари Москва шаҳри Троицк ва Новомосковский маъмурий округларида наркотик моддаларни тақсимлаш ва тарқатиш билан шуғулланган уч нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди, деб хабар қилади қўмита матбуот-хизмати.
Қўлга олинганлар турар жойида ўтказилган тинтув ишлари давомида 1,5 кг героин моддаси, электрон соат ва упаковка материали аниқланган. Тезкор гуруҳ ходимларининг сўзларига қараганда, наркотикнинг бир қисми 200дан зиёд ўрамларга фасовка қилинган бўлган.
Орадан кўп ўтмай, МКАД тезкор гуруҳ ходимлари томонидан учинчи гумондор қўлга олинди. Гумондорнинг автомобилидан 500 гр героин моддаси топилган. Аниқ бўлишича, у героин моддасини кейинчалик сотиш мақсадида, ўз ҳамқишлоқларидан харид қилган. Қўлга олинганларнинг икки нафари кўча супурувчи бўлиб ишлаган.
"Гумондорлар ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, улар қилган ишларидан пушаймон эканликларини айтдилар. Айни вақтда бу иш юзасидан жиноий иш қўзғатилган, гумондорлар вақтинчалик ҳибсга олинган", — таъкидлашди муассасада.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида, гумондорлар бойиб кетиш мақсадида бир йилдан буён бу иш билан шуғулланиб келишларини маълум қилганлар.