ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Туркия президенти Тойиб Эрдўғоннинг рафиқаси Эмине Эрдўғоннинг султон ҳарамларининг мамлакат тарихида тутган ўрни ҳақидаги фикри ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта шов-шув уйғотди. Туркия биринчи хонимининг “Ҳарамлар – ажойиб ҳаёт мактабидир”, деган гапига қарши қаҳр ва ғазабга тўла фикрлар билдирилди. Таъкидлаш жоизки, дунёдаги биринчи хонимлар аксарият ҳолатларда ноўнғай, таъбир жоиз бўлса, жанжалли вазиятларга тушиб қоладилар. Бугун биз шулар орасида энг шов-шув уйғотганлари ҳақида маълумот берамиз, РИА Новости хабари асосида.
Ҳазрати Олияларининг “дугонаси”
Америка президенти рафиқаси Мишель Обама 2009 йилда Британия монархи – Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси Елизавета II билан муносабатда жуда қўпол ўзбошимчаликка йўл қўйди. “Катта йигирматалик” раҳбарлари шарафига уюштирилаётган тантанали қабулда АҚШ биринчи хоними томонидан монарх протоколи бузилди. Ҳазрати Олиялари билан суҳбатлашаётган Мишель Обама, жараёнга берилиб кетганидан, қироличани елкасидан қучиб олди. Елизавета II, табиийки, дарҳол ортга тисарилди. Мишель Обама томонидан қилинган “ошна-оғайнилик” ҳаракатини Буюк Британияда, албатта, ҳеч ким тўғри тушунмади — ушбу воқеа ОАВ ва ижтимоий тармоқларда узоқ вақт муҳокама қилинди.
"Бу муносабатларда аҳлоқ-одоб қоидаси жуда оддий — хоҳлаган ишингни қил, лекин қироличани тегма", — Time нашри Букингем саройидаги ҳодисага худди шундай изоҳ берди. Тўғри, қироличанинг ўзи биринчи бўлиб Мишель Обамани қучди, аммо юнонларда ажойиб бир матал бор: “Юпитерга раво кўрилган нарса буқага раво кўрилмайди”. Этикет қоидаларига мувофиқ, бундай ҳаракат – монархларгагина хос. Қироличанинг ўзи майл билдириб, қўлини чўзсагина, қучишга қучиш билан жавоб қайтариш мумкин.
Ота-оналик вазифаси
Марина Порошенко — Украинанинг ҳозирги президенти Пётр Порошенконинг рафиқаси ва тўрт фарзанднинг онаси. 2014 йилнинг август ойида оиланинг энг кенжа фарзанди – Михаил билан катта шов-шувга сабаб бўлган воқеа содир бўлган эди. Украинада тинчлик ўрнатилиши учун София соборида ўтаётган ибодат вақтида хонада ҳаво етишмаслигидан болакай ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва ҳушидан кетди. Одамлар ушбу воқеадан ҳам кўпроқ, болакайнинг онаси томонидан қилинган ҳаракатни кўпроқ муҳокама қилдилар: ҳушидан кетаётган бола, йиқилиб қолмаслик учун онаси қўлидан ушламоқчи бўлганида, Марина Порошенко ўзини четга олиб, болани орқага “ўтказиб юборди”. Болани орқада турган Украинанинг собиқ раҳбари Виктор Юшченко ушлаб қолди.
"Қора колготкалилар батальони"&"Келгинди"
2005 йилда Грузияда 1989 йил 9 апрел воқеаларининг 16 йиллиги нишонланаётган эди. Ўшанда Тбилиси шаҳрида Ҳукумат уйи олдида бўлиб ўтган намойиш тарқатилиши давомида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган эди. Хотирлаш маросими вақтида икки биринчи хоним – собиқ ва амалдаги, яъни Грузиянинг биринчи президенти, марҳум Звиад Гамсахурдининг рафиқаси Манана Арчвадзе ва мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Михаил Саакашвилининг рафиқаси, Нидерландия фуқароси Сандра Руловслар ўртасида тўқнашув юз берди.
Маросим чоғида Грузия биринчи президенти бевасига ҳамроҳлик қилаётган Гамсахурдианинг ашаддий тарафдорлари, яъни “қора колготкали аёллар батальони” ўзи ҳақида “эслатиб қўйди”. Сандра Руловс гулчамбар қўйиш учун хотира майдонига йўл олганида, қора колготкали ўттиз нафар аёл амалдаги биринчи хоним йўлини кесиб чиқиб, ҳатто, “Йўқол бу ердан”, деган ҳайқириқлар билан уни воқеа жойидан қувиб солишга ҳаракат қилишди. Саакашвилининг аёли – Руловс хоним фақатгина полиция аралашувидан сўнг гулчамбар қўйишга муваффақ бўлди.
Қатарнинг биринчи хоними паранжисини ечди
2002 йил Қатарнинг учинчи амири рафиқаси Моза бинт Носир ал-Миснид омма қаршисига юзи очиқ ҳолда чиқди. Араб давлатларида исломий одоб-аҳлоқ қоидаларига мувофиқ аёл киши омма қаршисига фақатгина узун либос ва паранжида, қора қўлқоп ва пайпоқда чиқиши мумкин.
Қатарнинг биринчи хоними томонидан Ислом қонунларидан бирининг бузилиши мамлакат кексалари норозилигига сабаб бўлган бўлса, ёшлар томонидан аёлнинг ушбу ҳаракати олқишларга сазовор бўлди.