ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Давлат Рақобат қўмитаси ва “Ўзавтосаноат” АЖ GM Uzbekistan томонидан ишлаб-чиқариладиган автомобиллар олди-сотдиси намунавий шартномасига ўзгартириш киритиш масаласи устида ишлашмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбирига Қўмита вакили.
Бугунги кунда мамлакатда шундай ҳолат вужудга келган: GM Uzbekistan расмий дилеридан автомобил харид қилмоқчи бўлган шахс, техника нархининг 85%ни аванс тариқасида тўламоғи шарт, қолган пуллар эса автомобилни олиб чиқиш жараёнида тўланади. Шуниси ачинарлики, харидор ўз орзусидаги автомобилни ҳатто, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида кутиши мумкин. Ҳаммаси харидор қандай моделдаги автомобилга “шайдо” бўлганига боғлиқ.
Одамларга муаммо туғдираётган “денгиз тубидаги тош”лардан яна бири шуки(шартнома шартларидан бирига киради), ушбу жараён давомида завод томонидан автомобил нархи ошириладиган тақдирда, мижоз ўртада вужудга келган тавофутни (у қанча бўлишидан қатъий назар) қоплашга мажбур бўлади.
"Бу Ўзбекистон учун жуда оғриқли мавзу, аниқроғи, 2015-йил давомида ва 2016-йил биринчи ярмида истеъмолчиларимиз тўқнаш келаётган энг долзарб муаммолардан бири, деган бўлар эдим. Ўтган йил бошида ҳам шу мавзу борасида анча шов-шув кўтарилган эди. Гап шундаки, “Ўзавтосаноат” АЖ ўз автомобиллари нархини 30%га оширганида, бу ҳолат аванс пулини тўлаб қўйган истеъмолчилар ҳамёнига анчайин зиён қилди. Одамлар ҳали олмаган автомобиллари учун қўшимча пул тўлашга мажбур бўлишди”, — дейди манба.
Давлат рақобат қўмитаси ушбу ҳолатда истеъмолчилар ҳуқуқи қай даражада поймол этилаётганини ўрганиб чиқиб, расман дилерлар ҳақ, деган тўхтамга келди. Сотувчи ва истеъмолчи ўртасида имзоланган ҳужжатда вужудга келган вазият аниқ ва равшан баён этилади: мижоз автомобил нархи ошиши мумкинлиги ва нарх борасида вужудга келадиган фарқни қоплаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади. Шартнома имзоланган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва ҳеч бир суд дилер ноҳақлигини исботлаб бера олмайди, таъкидлайди суҳбатдош.
Аммо, бу вазиятни ижобий томонга ўзгартириб бўлмайди, дегани эмас, таъкидлайди манба. Давлат рақобат қўмитаси ва “Ўзавтосаноат” АЖ мутахассислари шу кечаю-кундузда намунавий ҳужжат турини ўзгартириш устида ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Шундай қилиб, режага кўра, эндиликда харидорлар ўзлари орзу қилган автомобилни энг кечи билан 90 кун ичида қўлга киритишлари мумкин бўлади. Автомобил нархи ошган тақдирда ҳам истеъмолчи ҳамёни зарар кўрмаслиги учун ҳужжатда (истеъмолчи фойдасига хизмат қиладиган) муайян шартлар кўрсатиб ўтилади.
Бундан ташқари, Давлат рақобат қўмитаси ҳозирда, харидорлар учун муҳим бўлган бошқа бир мавзу — ўзимизда ишлаб чиқариладиган автомобиллар йўналишида ҳам иш олиб бормоқда. Ҳозирда расмий дилердан янги автомобилни харид қилган жисмоний шахсларга бир йил давомида автомобилни сотиш таъқиқланди.
"Ушбу тизим, бозорларда олиб сотарликнинг олдини олиш мақсадида, беш йил олдин жорий қилинган эди. Дилерлардан ўнлаб автомобилларни харид қилиб, сўнгра бозорда уларни икки баробар нархга пуллаган одамлар ҳам кўп бўлди. Уларнинг бу ҳатти-ҳаракати халқ орасида сунъий тарзда шов-шув кўтарилишига олиб келди. Аммо ҳозирда вазият ўзгарди, бозорларимиз аста-секин “тўйиб” бормоқда, ва, вақти етганини англасак, биз албатта, ушбу таъқиқни бекор қилиш масаласини кўриб чиқамиз. Аммо ҳозирча, бундай қилишга ҳали эрта", — таъкидлади манба.
GM Uzbekistan ҳозирги кунда 12 хил атвомобил ишлаб чиқаради: беш хил седан — Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra ва Malibu, икки кичик автомобил — Matiz ва Spark, минивэн Orlando, унверсал Captiva, микроавтобус Damas ва унинг юк ташишга мослашган кўриниши Labo.