ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Февраль ойи ўрталарида пойтахт раҳбарлари ноқонуний равишда йўловчиларни ташиётган киракашларга, жумладан, “бомбилаларга” қарши уруш эълон қилди. Шуни таъкидлаш жоизки, ноқонуний киракашлар Тошкентдаги “такси” хизматининг 80% қоплаб келаётган эди. Sputnik Ўзбекистон мухбири ушбу муаммога четдан нигоҳ ташлаб, ўрганиш учун ноқонуний йўловчилардан бирини суҳбатга чорлади.
Ўзини Нозим деб таништирган суҳбатдошимиз узоқ йиллар давомида Москвада қурувчилик билан шуғулланганини айтди. Аммо сўнгги пайтларда соғлиғи панд бера бошлагани учун, 2013 йилда у она шаҳри — Бухорога қайтишга қарор қилган. Шу пайтдан бошлаб у “бомбила”ликни ўзига касб қилиб олган, дейиш мумкин.
Ноқонуний киракашлар юрти
"Нима, ўйлайсизки, менга бу иш ёқадими: кечани кеча, кундузни кундуз демай рулда ўтириш? Навбатдаги ҳар бир йўловчидан ҳадиксираб яшаш – ким билсин қотилми у ё ўғрими, балки лицензияси йўқ киракашларни “овлаш” учун қўйилган мелисадир?”, саволимизга савол билан жавоб беради Нозим.
Ўзбекистон кейинги йилларда ҳақиқатан ҳам ноқонуний киракашлар юртига айланди. Яхши ишга жойлашиш ва оилани таъминлаш учун етарли маълумот ва касб-ҳунарга эга бўлмаган чекка вилоятлардаги фуқаролар учун фақат битта чора қолди – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, рулга ўтириш, ва улар таъбири билан айтганда, тошкентлик бойваччаларга “хизмат қилиш”.
Пойтахт кейинги йилларда киракашлар учун чин маънода Маккага айланди. Бу ерда асл пойтахтлик ҳайдовчини кундуз куни чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмай қолди. Киракашларнинг асосий қисми мўмайгина даромад топиш мақсадида чет вилоятлардан ташриф буюрган фуқаролардир. “Тошкентлик ҳотамтойлар” ҳақида эртакларни эшитганлар борки, пойтахтга бориб киракашлик қилиш орзусида ёнади. Инкор этмаймиз, дунё бўйича даромад олиш манбаи ҳам, пул айланмаси ҳам шаҳарларга қараганда, айнан пойтахтда юқори бўлади. Аммо Тошкентга келганларнинг умиди тез орада пучга чиқиши ҳам айни ҳақиқат – “бомбилалар” киракашликнинг илк кунидаёқ рақобат ўта кучли, пул эса озлигини тушуниб етишади.
Нозим ҳам ўз толеъини синаб кўриш учун Тошкентга ташриф буюрган ана шундай ҳайдовчилардан бири.У ҳозирги ноқонуний киракашлар босиб ўтган йўлни бир бошдан такрорлаган.
"Бухорода мўмай даромад топиш қийин масала. Ойликлар кам, шу боис, камдан-кам одам таксида юради. Агар такси ушласа ҳам, бензинга етгулик ҳақ тўлашади, бундай йўловчилардан фойда қилиш амримаҳол. Шу боис, кўпчилик ўзини Тошкентга урган: пойтахт аҳли хизмат эвазига яхши ҳақ тўлайди, қолаверса, мижоз излаб овора бўлмайсиз, бир сўз билан айтганда ишласангиз — пичоғингиз ёғ устида бўлади. Вилоятдаги одамларнинг пойтахтга интилиши сири шунда”, — дейди Нозим.
Ноқонуний киракашларнинг аксарияти қуйидаги схемада иш бошлайди: пул қарз олиб, машҳур Сирғали бозорига боришади ва у ерда бир неча йил минилган, таксичилар орасида энг машҳур “Матиз” машинасини 3-4 минг долларга харид қиладилар. Бежиримгина, фойдаланишда қулай ва муҳими, бензин борасида анча тежамкор бу машина тез орада ўзига қилинган сарф-ҳаражатни қоплаш имконини беради.
Таксичилар орасида шунингдек, кейинчалик сотиб олиш шарти билан (кунлик ёки ҳафталик ижара ҳақини тўлаб бориш шарти билан) машинани арендага олиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Автомобилларни ижарага олувчилар туфайли бу каби бизнес ҳозирда Ўзбекистонда жуда гуллаб-яшнамоқда.
Аммо бу ерда ўзига хос камчилик мавжуд: охир-оқибат ижарага олинган машина эгасига 3 баробар қимматга тушади, аммо, бу бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади, деганларидек…
“Пойтахт раҳбарияти сўнгги 3-4 йил давомида йўлларда тартиб ўрнатишга, ва бизлардан қутулишга ҳаракат қилмоқда, — ҳикоя қилади Нозим. — Ҳар йил эрта баҳорда “облава” уюштирилишини таксичиларнинг ҳаммаси беш қўлдай билишади. ГАИ ва солиқ ходимлари ноқонуний киракашларга катта-катта жарима тайинлайдилар, аммо буларнинг ҳаммаси вақтинчалик. Буни ҳамма яхши билади: шаҳар маъмурияти вакилларидан тортиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларигача.
Ноқонуний киракашлардан қутулишга халал берувчи икки сабаб мавжуд ва бу масала яқин йилларда ҳал этилиши мумкин ҳам эмас. Биринчидан, иш ўринлари йўқлиги. Тасаввур қилинг, ўн минглаб одамлар ўзларига эгаллаб турган ишдан бир кунда воз кечишди. Хўш, уларни нима билан банд қилиш мумкин? Улар оилани тебратиш учун етарли маълумотга ёки алқисса, бирорта касб-ҳунарга эга эмас. Агар улар оилани таъминлаб туриш учун ишлашмаса, қонунга хилоф ҳаракатларга қўл уришлари турган гап – мисол учун ўғрилик ёки ундан ҳам баттар ишларга… Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозир мамлакатда иш ўринлари борасида танқислик катта, Россиядан қайтаётган минглаб мигрантлар ўз уйларига, туғилган қишлоқларига эмас, балки Тошкентга йўл оляптилар. Чунки, Тошкентда пул топиш осон, у ерда ойликлар катта, деган афсоналарга ҳамма ишонади, ва шу боис пойтахтга иш излаб боради”, — дейди суҳбатдошимиз.
“Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ноқонуний киракашларнинг каттагина қисмини кексалар ташкил этади. Берилаётган нафақанинг озлигидан, уларга ҳам киракашлик қилишга мажбур бўлмоқда. Ёки давлат хизматчиларини олайлик — расмий ишдан бўш вақтида улар ҳам икки-уч соат киракашлик қилгани чиқишади. Шу боис, янги иш жойларини ташкил этиш билан мавжуд муаммони ҳал этиб бўлмайди, ойликларни кўтариш керак бўлади.
Ўтган йили ноқонуний киракашларга қарши уруш қатор жанжаллар билан якун топди, — деб ҳикоя қилади Нозим. — Ноқонуний ҳайдовчилар ва қонун посбонлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Мисол учун, ижарага олинган автомобилда киракашлик қилиб юрган ҳайдовчилардан бири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимини яхшилаб калтаклаган, яна бири эса пичоқлашгача борган.
Бу икки ҳодиса шаҳарда катта шов-шувга айланди, шундан сўнг рейдлар сони сезиларли даражада камайди.
Иккинчидан эса, пойтахтнинг расмий автопарклари “такси бозори”даги талабнинг 30%ини ҳам қоплаш имконига эга эмас. Тошкент маъмурияти маълумотларига кўра, ҳозирда лицензияланган таксига эга компаниялар ҳисобида жами 2900 та автомобил мавжуд экан. Шаҳарга эса камида 15 мингта машина керак”.
Нозимнинг сўзларига қараганда, халқ кўпдан кўп ҳолларда айнан ноқонуний киракашлар хизматидан фойдаланишни афзал кўради, чунки “бомбилалар” давлат нархидаги таксичилардан анча арзон нархда юришади. “Агар Uber Америкада 2009-йилда пайдо бўлган бўлса, Ўзбекистонда бу турдаги хизмат 2000 йил ўрталаридан буён мавжуд”, дейди кулиб суҳбатдошимиз.
“Фақат бу ерда замонавий технологияларсиз ҳам ҳаммаси жуда содда йўлга қўйилган. Маълум йўналиш бўйича ҳаракатланаётган такси ҳайдовчиси олд ойнага "1000 сўм” деган тахтачани жойлаб қўяди. Хоҳлаган одам таксини тўхтатиб, ўзига керакли манзилгача бориши мумкин. Натижада, киракаш машинани тўлдириб одам олади. Ҳамма хурсанд – ҳайдовчи мўмайгина даромад олганига, йўловчи эса арзон нархда ўзларига керакли манзилга етиб олганига.
Соядан чиқиш вақти келдими?
Нозимга одатий саволни берамиз – нима учун киракашлар соядан чиқиб, лицензия олишга шошилмаяпти. Ахир шунда ДАН ходимлари уларни тинч қўярди, қолаверса ишлаш ҳам осон бўлар эди. “Ҳаммаси сиз ўйлаганчалик осон бўлса қани эди”, — дейди суҳбатдош.
“Мана мисол учун, ноқонуний киракаш машинаси ижарага олинган, демак то келишилган маблағ тўланмагунга қадар, у автомобилга эгалик қилолмайди. Бу нима дегани? Тўғри, қонунга мувофиқ, ижарага олинган машина билан таксопаркка расман ишга жойлашса бўлади. Аммо амалда бунинг акси. Мансабдор шахс бунга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади, раҳбарият ижарага олинган машина билан ортиқча даҳмаза орттиришни истамайди. Бу ерда яна шуни инобатга олиш керакки, ноқонуний киракашда расмий қоидада келтирилганидек, автомобилни фил суяги рангига келтиришга етадиган маблағ йўқ. Бундан ташқари, автомобил эгаларининг ҳаммаси ҳам ижарага олувчига, яъни ноқонуний киракашга, машинани бошқа рангга бўяшга рухсат бермайди.
Масаланинг яна бир нозик томони – лицензияга эга бўлиш. Таксичи лицензия учун бир йилда Марказий банк курси бўйича 75 доллар(215 минг сўм) тўлаши керак. Бу маблағга ойлик солиқ ва бошқа ҳаражатлар кирмайди. Бундан ташқари, лицензияни қўлга киритган жисмоний шахс таксичилик қилолмайди. У таксопарк рўйхатида туриши шарт. Бу дегани, ўша таксичининг иш куни тўлиқ соатма-соат қатъий белгилаб қўйилади — қаерга бориши, бир кунда қанча соат ишлаши, мижозлардан қанча пул олишигача…
Мана шу ҳолат кўплаб ҳайдовчиларнинг лицензия олишдан воз кечишларига сабаб бўлмоқда. Нозимнинг сўзларига қараганда, бундай аҳволда одам ўзига ўзи тегишли бўлмай қолади ва “бегона амаки”га ишлашга мажбур этилади.
Яна битта камчилик – расмий таксопаркларга фақатгина ҳайдовчилик стажига эга одамларни ишга қабул қилишади. Иш стажи уч йилдан кам бўлмаслиги керак. Суҳбатдош сўзларига қараганда, ушбу ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш учун автопарклар ҳам, лицензия берадиган органлар ҳам муросага боришлари керак.
Тегишли органлар ноқонуний киракашлар дардига қулоқ тутишлари шарт. Ахир уларнинг кўпи соядан чиқишга тайёр, фақат қўйилаётган талаблар туфайли бундай қила олмаяптилар.
Ноқонуний киракашларга қарши курашиш керак, албатта. Чунки мижозни “илиб” кетиш мақсадида бир чизиқдан иккинчи чизиққа кескин ўтаётган баъзи “бомбилалар” йўл-транспорт ҳалокати сабабчиларига айланишмоқда.
Улар орасида тезликни ошириш ҳолатлари ҳам кўп учрайди: мижозни тезроқ манзилига етказиб қўйиб, янгиси сари ошиқишади…
Аммо ушбу кураш мавжуд тизимни янгилаш, ўзгартириш билан эмас, балки “бомбилаларга” қарши жазо қўллаш асносида ўтказилаётгани ачинарли.
Бу — “кўзни шамғалат қилиш” эмасми? Бундай олиб қаралганда, Тошкент шаҳрида ҳаммаси кўнгилдагидек, ажойиб. Лекин синчковлик қилинса, ўн қадам нарида йўл четида йўловчининг қўл силташига маҳтал турган ноқонуний киракашларга кўзингиз тушиши аниқ.