ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. АҚШ ҳукумати Россия фуқароларига қарши ов бошлади, бу муаммо борган сари “газак олади”, деб таъкидлади Россия ТИВ инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги бўйича вакили Константин Долгов. У россияликлар ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш устида ишлаш лозимлигини айтди.
"Америка ҳукумати бизнинг фуқароларимизга қарши ов бошлади. Асосан, дастурлаш, IT технологиялар соҳаси вакиллари таъқиб остига олинмоқда. Бу инсонлар учинчи мамлакатларда ҳибсга олиниб, сўнгра АҚШга экстрадация қилинмоқда. Америка ўз сиёсатини ўтказмоқда, одил судлов ҳақида гап бўлиши мумкин ҳам эмас”, — деди Долгов Халқаро русийзабон адвокатлар ассоциацияси Президиуми ва Россия адвокатлари Гильдияси Ижро Қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган кенгашда сўзга чиқар экан.
Мисол учун,россиялик учувчи Константин Ярошенко 2010 йилда АҚШга Либериядан экстрадация қилинган ва сўнгра, наркотик моддалар контрабандасида айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
АҚШ томонидан энг йирик қурол барони деб эълон қилинган Виктор Бут, 2008-йилда Таиландда қўлга олинган ва АҚШга топширилган. Ҳозирда Россия фуқароси Америкада 25-йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. У Колумбиядаги FARC радикал гуруҳига “қурол сотишда тил бириктирганлик” жиноятида айбланган.
Долговнинг сўзларига қараганда, “Америка қамоқхоналари ва СИЗОларида Россия фуқаролари инсонийлик тушунчасига мутлақо тўғри келмайдиган шарт-шароитларда сақланмоқда”.
Россиялик дипломатнинг айтишича, Москва ва АҚШ ўртасида Россиядан асраб олинаётган болалар борасида ҳам жиддий муаммолар юзага келмоқда. Бундан ташқари, АҚШ ҳукуматида, Россия билан “тенг ҳуқуқли музокара” олиб боришга хоҳиш-истак йўқлиги ҳам айтиб ўтилди.