ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. “Ислом давлати” террорчилик уюшмаси Суриянинг Дайр-аз-Зўр шаҳарчасини ўққа тутди. Уч нафар ёш бола ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда Суриядаги биринчи телерадиоканал.
Телерадиоканал берган маълумотлага кўра, террорчилар шаҳардаги иккита квартални миномёт ёрдамида ўққа тутган.
Бундан сал олдин “Ислом давлати” жангарилари миналаштирилган автомобиль ёрдамида Хама шаҳри яқинида портлаш содир этишган эди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияда жанговор ҳаракатлар тўхтатилиши битими кучга киришидан бир соат олдин 27-феврал қоқ ярим тундан бошлаб мамлакатда тинчлик тартиби ўрнатилганлигини қайд этган 2268 рақамли резолюцияни қабул қилди.
“Тинчлик сулҳи” Сурияда мавжуд бўлган “Ислом давлати” ва “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик уюшмаларига жорий этилмаслиги таъкидлаб ўтилди. Уларга қарши ҳарбий ҳаракатлар давом этади.
Сурия ҳукумати ўт очишни тўхтатиш борасида Россия ва АҚШ ўртасида келишилган битимга ўз розилигини билдирди. Айрим муҳолифат кучлар бу битимга ишончсизлик билан қараган бўлса-да, аммо жанговор ҳаракатларни тўхтатиш ғояси Сурия ҳукуматига қарши кучлар томонидан ҳам маъқулланди: Россия давлати Мудофаа вазирлиги генерал-майори Игорь Конашенконинг сўзларига қараганда, ушбу битим эълон қилинган куннинг ўзидаёқ тинчлик ўрнатилишига рози бўлган томонлардан ўнлаб мурожаатлар келиб тушган.
Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Богданов эса “Тинчлик битими”га қўшилмайдиганлар Россия ва АҚШ томонидан бомбардировка қилиниши мумкинлигини таъкидлади.