ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. “Жорий йилнинг 1 мартидан кучга кирадиган янги тариф режасига кўра, банклар томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари ҳисобварағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси (9%) дан кам бўлмаган миқдорда белгиланди, — деди Марказий банкнинг Пул муомаласи департаменти директори ўринбосари Фахриддин Бобоев, МБ хабарига кўра.
Эндиликда жисмоний шахслар пластик карточкаларининг (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар, шу жумладан корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда (алмаштиришда) банк хизмати ҳақи ундирилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Шунингдек, банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик карточкасидаги маблағлар бошқа бир жисмоний шахс пластик карточкасига ўтказилганда ёки кирим қилинганда банк хизмати ҳақи ундирилмайди.
“Буни оддий қилиб айтсак, — дея давом этди Ф.Бобоев, — А банкнинг мижози ўз пластик карточкасидаги пулларни Б банкнинг мижози бўлган шахс пластик карточкасига исталган ҳудудда ўтказиш имконига эга бўлди. Ҳозирга қадар бу тарзда, яъни бир банкнинг мижози иккинчи бир банк мижозига пул ўтказиши техник сабабларга кўра амалга оширилмас эди. Бу каби қулайлик, шубҳасиз, нақд пулга бўлган талабни камайтириб, пул айланишининг тезлашишига шароит яратади”.
Шунингдек, янги тарифлар режасида тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор қулайликлар яратилган. Масалан, улар учун корпоратив пластик карточка эмиссия қилинганда банк хизмати ҳақи Марказий банк расмий курси бўйича 5 еврогача пасайтирилди. Илгари бу миқдор мижоз билан келишув асосида 20 еврогача этиб белгиланган эди.
Янги тарифлардаги яна бир ўзгариш юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорнинг шикастланган ва йўқотилган корпоратив карточкалари билан боғлиқ. Яроқсиз ва йўқолган корпоратив карточкалар янгисига алмаштириб берилаётганда банк 10 еврогача (илгари 25 еврогача) хизмати ҳақи ундиради.