ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik, Алексей Богдановский. Республикачилар партиясининг энг ёрқин вакили Дональд Трамп тез орада ўзини президентларга хос тарзда тутишни бошлашини таъкидлади, РИА Новости хабарига кўра.
Fox News телеканалида, якшанба куни бўлиб ўтган интервью давомида, миллиардерга унинг барча “томошабоп чиқишларини” эслатиб ўтишди. Мисол учун, халқ кўз ўнгида Рим папаси — Франциск танқидига ўта қўрслик билан жавоб қайтарганини, ўз чиқишларида собиқ президент кичик Жорж-Бушни аёвсиз танқид остига олганини ҳамда партиядаги рақиблари ҳақида камситиб гапирганини…
Миллиардернинг АҚШ ва Мексика чегарасида девор қурмоқчи бўлгани, мусулмонларни АҚШга киритмаслик таклифи билан чиққани ҳам қаттиқ танқидга олингани айтиб ўтилди. Трампнинг бу ҳайротомуз таклифлари унинг Жанубий Каролинадаги сайловларда ғолиб чиқишига ҳалал бера олмади.
Ўзингизни қачон президентларга хос тута бошлайсиз, деган саволга, Трамп ўзига хос “камтарлик” ила жавоб берди: “Умуман олганда, бу борада фақат Авраам Линкольн мендан ўзиб кетиши мумкин. Қолган президентларга ҳақиқий раҳбар ўзини қандай тутиши кераклиги борасида дарс бера оламан”, — деб таъкидлади у. Қачон шундай бўлиши ҳақидаги саволга, у қисқа қилиб “Тез орада”, — дея жавоб қайтарди.
"Ўйлашимча, вақти келганда, ўзимни жуда ҳам президентларга хос тутаман. Ҳозир эса ҳаёт учун курашяпман. Мен жуда кўплаб иқтидорли ва қаттиққўл инсонлар билан кураш олиб боришга мажбур бўлдим. Шу боис, ўз ҳатти-ҳаракатларим ҳақида ўйлашга менда вақт бўлгани йўқ", — хулоса қилди Трамп.