ТОШКЕНТ, 17 фев – РИА Новости. 2016 йилда ташкил этиладиган Республика диетология ўқув-илмий маркази текширувдан ўтиш орқали, нотўғри овқатланиш туфайли юзага келиши мумкин бўлган хасталикларни аниқлаш имконини беради.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда аҳолининг 20,2 % ортиқча вазнга эга. Катта ёшдаги аҳолининг 67,2% Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган нормалардан камроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишлари маълум.
Аммо мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самарасида сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар икки баробардан зиёд камайган, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсган. Хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайган. Аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи ошиб бормоқда.
Ўзбекистонда бу борада эришилаётган муҳим натижалар халқаро миқёсда тан олинмоқда. 2015 йилда мамлакатимиз БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилгани бунинг тасдиғидир.