ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Пойтаҳт раҳбарлари олиб-сотар ва виждонсиз сотувчиларга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда, деб хабар қилди Sputnik мухбирига “Тошбозорсавдо” уюшмасидаги манба.
Энг аввало пойтахт бозорларига фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи хусусий тадбиркорлар жалб қилиниши режалаштирилган. Деҳқонларга бозорлардан энг яхши жойлар ажратилиши ҳамда маҳсулот бозоргача муаммосиз етказиб келиниши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши кутилмоқда.
"Бу амалиёт икки йил ичида гўшт, балиқ ва парранда гўшти савдоси сегментларида ўзини тўлиқ оқлади. Шу аснода, фермерлар, шу пайтгача 604 тонна балиқ, 9 тонна гўшт, 488 миллион дона тухумни харидорларга паст нархларда реализация қилишга муваффақ бўлдилар. Бу кўрсаткичлар келгуси йилларда анча ортиши кутилмоқда", — деб хабар қилди манба.
Сотувчилар савдо нормаларига амал қилишларини назорат қилиш мақсадида, "Тошбозорсавдо" уюшмаси бозорларда 2,3 минг дона назорат тарозиларини ўрнатди. Улар ёрдамида харидорлар харид қилган маҳсулотларини мустақил ўлчаб кўришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сотиб олинган маҳсулотингиз назорат тарозисида кам чиққудек бўлса, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига шикоят хати билан мурожаат қилишингиз ёки унинг “ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб хабар беришингиз лозим.