ТОШКЕНТ, 15 — фев, Sputnik. Анна Герман Совет Иттифоқининг энг машҳур ашулачиларидан бири эди. У ўзининг ажойиб овозида ижро этган “Нежность”, “Светит незнакомая звезда”, “А он мне нравится”, “Один раз в году цветут сады” кўплаб кинофильмларга киритилган ва миллионлаб кишилар уларни севиб тингларди.
Анна Германнинг онаси Ирма Мартенс, Ўзбекистонда яшаган даврини шундай хотирлайди:
“1936 йилнинг 14 февралида бизнинг оилада қизалоқ туғилди. Унга Анна ва Виктория деб исм қўйдик. Роддомда унинг бошини оқ қўмолча билан боғлаб ёнимга ётқизиб қўйишди. Туғруқхонадан онамга “У худди кичик колхозчига ўхшайди”, — деб ёзганимни эслайман.
Бир неча кундан кейин Евгений (Ойген Герман – Аннанинг отаси) келиб бизни ўзининг янги уйига олиб кетди. Уй лойдан ясалган бўлса ҳам, катта ойналари бор эди.
Бир неча кундан кейин мен мактабга ишга чиқа бошладим. Менга онам жуда кўп ёрдам берарди. У Анечкага сут эмизиш учун мактабга олиб келарди. Онам келганда ўзбек болалар “Опа, опа ойингиз келди. Сизнинг қизингиз жуда чиройли”, деб мени чақиришарди.
Биз Ургенчда тинч яшардик, лекин маҳаллий иқлим бизга тўғри келмади. Ёзда у ерда жуда иссиқ бўларди, қуёш деворларни ва қумни жуда қиздирарди.
1937 йилнинг жазирама ёзи келди. Аня касал бўлиб қолди, у бор-йўғи 1,5 ёшда эди. Мен у билан Тошкентга даволанишга боришга мажбур бўлдим. Врачлар унга – тиф деб ташҳис қўйди. Биз Тошкентнинг эски шаҳрида бир ўзбекнинг уйида ижарада турардик. Уй эгаси Аняни кўрган замоноқ “Бу аниқ тиф, ҳозир сизларга дори олиб келаман” деди. кейин менга анор мевасини бериб "пўстини уч стакан сувга солиб, то бир стакан сув қолгунча, қайнатиш керак" деди. Шу ичимликни ичиб Аня тузала бошлади…
У вақтга келиб мен ҳам Тошкеннтнинг Чапаев номли 42 мактабида иш топдим. Биз Тошкентда қолишга қарор қилдик. Бу шаҳар жуда шинам ва тоза эди. У ерда ажойиб ва катта Пушкин боғи бор эди. Боғда худди Лондоннинг Гайд-паркидаги каби минбарлар турарди. Чиройли ёрқин яхтак ва безатилган дўппилар кийган ўзбеклар минбардан туриб севги ҳақида қўшиқ куйлашарди. Қўшиқ айтиш пайтида улар юзи олдида чинни тарелка ушлаб туриб, уни ҳар томонга қаратишар эди. Тарелкадан акс берган овоз — тебраниб ажабланарли эшитиларди ва турли томонлардаги томошабинларга етиб борарди. Баъзан, барча жимиб қоларди… “
Ўша вақтларда халқлар, миллатлар орасида биродарлик, ҳамдардлик ва одамийлик одатий ҳол бўлган. Ўзбекистонда туғилиб ўсган Анна Герман бир умрга Ўзбекистонга ва ўзбекларга миннатдор бўлиб ўтган. У бутун Иттифоққа машҳур ашулачи бўлиб кетганидан кейин Ленинградда бир концерти вақтида Ўзбек шоир Ошиқ Эркин бир илож билан концертига киришга ва унга гул беришга муваффақ бўлади. Гул бериш вақтида “пани Анна, биз бу ерга Ургенчдан келдик, шу шаҳарни эслайсизми?” деб сўрайди. Анна Герман “Албатта, ахир мен у ерда туғилганман”, деб Ошиқ Эркинни қўлидан тутиб тўғри саҳнанинг ўртасига олиб чиқади ва залга қараб: “Ҳурматли ўртоқлар, мана бу киши бу ерга Ўзбекистоннинг Ургенч шаҳридан келган. Мен у ерда туғилганман” дейди. Ошиқ Эркин айтишига қараганда “залда янграган гулдирос қарсаклардан ҳушини йўқотиб қўйишига сал қолган”.
Ажойиб овоз эгаси ва буюк санъаткор Анна Герман ҳақида Кумуш Раззоқова, Ошиқ Эркин ва “Ўзбекконцерт” ходимларининг бўлган шахсий учрашувлари ва хотиралари билан шу ерда батафсил танишишингиз мумкин. Анна Германнинг биографияси ва тарихий фотосуратлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.