Бишкеклик аёл ҳар куни 30та нон сотиб олиб, камбағалларга тарқатмоқда

Oбуна бўлиш
Ҳар куни номаълум аёл томонидан эҳсон қилинган пулга янги ёпилган нон харид қилиниб, Бишкек шаҳридаги муҳтожларга тарқатилмоқда.

Мана уч ойдирки, Бишкекдаги Гоголь кўчасида жойлашган нон савдоси павильонларининг бирида камбағалларга бепул нон тарқатилмоқда, хабар қилади нон дўкони сотувчиси Клара Кожомкулова.

"Дўконни бепул нон билан таъминлаётган аёл ўз исм-шарифи сир сақланишини хоҳлади, интервью беришдан ҳам воз кечди. У қашшоқларга беминнат яхшилик қилишни хоҳлашини маълум қилди”, — дейди сотувчи.

Сотувчининг сўзларига қараганда, аёл ҳар ой бошида кунига 30 дона янги ёпилган нон сотиб олиб тарқатишга етгулик пул қолдиради.

Сотувчининг айтишича, бепул нон асосан қарияларга улашилади.

"Баъзан, шу ёрдамга муҳтожларни ўзимиз топамиз. Мисол учун, яқинда бир эркак ахлатхонани титкилаётганини кўриб қолдик. Унинг кийимлари жулдур бўлсада, ичкиликка муккасидан кетган, алкаш эмаслиги кўриниб турарди. Биз унга битта нон бердик, эркак беҳад севинди”, — дейди сотувчи.

Бепул нонни олаётган киши борки, номаълум саховатпеша аёлни дуо қилиб, унга узоқ умр тиламоқда.

Янгиликлар лентаси
0