ТОШКЕНТ, 28 янв – Sputnik. WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж шахсий ҳаёт учун кураш бой берилган, деб ҳисоблайди. “Ҳозир бутун дунёда оммавий электрон кузатув оммалашган, чунки бу учун кўп маблағ талаб этилмайди”, — дейди у.
“Гап шундаки, биз шахсий эркинликни ҳимоя қилиш имконини бой бердик. Хоҳ у катта, хоҳ кичик бўлсин, барча давлатларда оммавий кузатувдан фойдаланилмоқда”, — деб таъкидлади у Лондондаги Эквадор элчихонасидан видеоалоқага чиқар экан.
“АҚШ ўз иттифоқдошлари билан халқаро коммуникация воситалари устидан оммавий кузатувни шу даражада оммалаштириб ташладики, фақатгина шу соҳа мутахассислари, шу жумладан, айрим террорчилар ҳам, бу кузатувнинг олдини олишлари мумкин, холос”.
"Оддий фуқаро учун шахсий ҳаёт тушунчаси энди мавжуд эмас. Тўғри, биз қонун, маънавият ҳақида гапиришимиз мумкин, аммо омма назаридан четда бўладиган шахсий ҳаёт тушунчаси аллақачон барҳам топган", — ишонч билан таъкидлади Ассанж.
Ассанжнинг сўзларига қараганда, оммавий кузатув нархи ҳар 18 ойда 50%га арзонлашиши боис, энди шахсий ҳаётни сир сақлаб қолишнинг имкони йўқ. "Инсонийлик қадр-қимати ва оммавий жосуслик, компьютерлаштириш ўртасидаги бораётган курашда, охиргиси устун келиши турган гап, биз шунга кўникиб яшашга маҳкуммиз”, — таъкидлади у.
Аммо, Ассанжнинг фикрича, жамият бу ўзгаришларга бора-бора кўникади. "Жамият кўникмоқда. Мана, ташқи дунёдан узиб ташланган Швеция, Жанубий Корея, Окинава, Шимолий Кореяларни олайлик. Бу давлат фуқаролари бу каби ўзгаришларга кўникиш ҳосил қилишган. Эндиликда бу одамлар ўз фикрларини код сўзлар ёрдамида яширишга ҳаракат қилаётганини кўришимиз мумкин. Оммавий кузатув оқибати бу. Биз шундай жамият сари қадам ташламоқдамиз", — изоҳ берди Ассанж.