ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Тошкентда чинорлар кесилишига қарши мурожаатномага 1400 дан зиёд киши қўл қўйди. Мурожаатнома Тошкент ҳокимияти томонидан кўриб чиқилиши учун уни 1500 киши имзолаши керак.
Change.org порталида жойлаштирилган, чинорлар кесилишига қарши мурожаатнома Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов ва Ўзбекистон Экология ҳаракати раҳбари Борий Алихонов номларига йўналтирилган.
“Ҳозир Тошкент “яланғоч” ҳолатда, асфальт ва бетондан ташкил топган чўлга айланди. Чинорлар ўрнига бизга арча ва бошқи четдан олиб келинган ўсимликлар экишмоқда. Улар кўп сув талаб қилади лекин соя бермайди. Чинорларни ёввойиларча кесишни тўхтатишингизни сўраймиз”, — дейилган мурожаатномада.
Табиатни муҳофаза қилиш қумитаси хабар беришига кўра, ҳозирги кунда пойтахтда бир неча кўчаларни ободонлаштириш ва кенгайтириш ишлари кетмоқда. Баҳорда кесилган дарахтлар ўрнига бошқалари экилади.
Январ ойида Пушкин кўчасидаги чинорлар кесиб олинди. Пойтахтда ушбу дарахтларни ёппасига кесиш 2009 йилда бошланди.