ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Бугун Таниқли Совет актери, шоири ва қўшиқчиси Владимир Семёнович Высоцкийнинг туғилган куни.
Высоцкийнинг ҳаёти қисқа бўлсада, (42 ёшида вафот этган) 20 асрда жуда ёрқин из қолдирди. Россия Жамият фикрини ўрганиш маркази 2010 йилда ўтказган сўрови бўйича, “20 аср даҳолари” рўйхатида Юрий Гагариндан кейин 2-чи ўринни эгаллаган. Сўралганларнинг 98% Высоцкийни яхши билишини ва 70 %га унинг қўшиқлари ёқишини таъкидлашган.
Высоцкий театр ва кинода ўнлаб роллар ўйнаган. У Москвадаги “театр на Таганке” театрида Гамлет, Галилей, Лопахин ролларини ўйнаган. Унинг «Место встречи изменить нельзя», «Маленькие трагедии», «Интервенция», «Хозяин тайги», «Вертикаль», «Служили два товарища», «Сказ про то, как царь Пётр арапа женил», «Короткие встречи», «Плохой хороший человек» фильмларида ўйнаган роллари ҳар бир Совет Иттифоқида яшаган одамга яхши таниш.
Высоцкий ижодининг асосий устунларидан бири бу — ўзи ёзган шеърларини гитарада ижро этиш бўлган. Унинг қўшиқлари ҳаётий, инсон характерининг ижобий ва салбий томонлари, замоннинг долзарб, баъзан муҳокама қилиш таъқиқланган, мавзулари ҳақида баланд овозда куйлаган.
Қаттиқ цензура остида бўлган Совет Иттифоқи фуқароларига ушбу қўшиқлар хуш ёқиб, миллионлаб кишиларни Высоцкийнинг мухлисларига айлантирган. Высоцкий 700 га яқин шеър ва қўшиқлар ёзган.