ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik, Александр Шишло. Италия Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларга кириб келадиган қочоқлар оқимини тўхтатиш мақсадида Туркияга уч миллиард евро маблағ берилишига қарши чиқмоқда, хабар қилади РИА Новости, Брюсселдаги дипломатик манбалардан олинган маълумотлар асосида.
"Италия ушбу қарорга кескин қаршилик билдирди. Сабаби, ЕИ бюджетидан атиги миллиард евро ажратилиши белгиланган. Қолган икки миллиард евро эса Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар зиммасига юклатилган", — хабар қилди манба агентликка.
Сал вақт олдин Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли Туркия раҳбарияти Европа Иттифоқдан – ноқонуний миграциянинг олдини олиш бўйича Анқара ва Брюссел ўртасидаги келишув юзасидан мажбуриятлар бажарилишини кутаётгани ҳақида маълум қилган эди.
Маълумотларга кўра, 2,5 миллион суриялик ва 300 минг ироқлик қочоқлар ҳозирда Туркиядан бошпана топишган.
Европа давлатлари, айниқса, Германия Туркия президенти Эрдўғон “қочоқлар масаласи”ни ҳал қилишига жуда катта ишонч билдирмоқда. Шу боис, Туркия Бош вазири таъкидидан сўнг, Германия ҳукумати расмий вакили Штефен Зайберт Анқарага 3 миллиард евро молиявий ёрдам ажратилиши юзасидан берилган ваъда ўз кучини йўқотмагани ҳақида ишонтиришга шошилди.
Зайбернинг сўзларига қараганда, ушбу маблағнинг бир қисми ЕИнинг 2016 йилги бюджетига киритилган. Айни вақтда ЕИга аъзо мамлакатлар маблағнинг қолган қисмини ким тўлашини муҳокама қилишмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, Германия маблағнинг қолган қисми ЕИ иштирокчи-мамлакатлар ўртасида тенг тақсимланиши учун жон куйдирмоқда.