ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон янги Божхона кодексини тасдиқлаш” ҳақидаги қарорни имзолади. Янги кодексга “ички қайта ишлаш мақсадида олиб кириш” тушунчаси киритилган. Кодекс матни пайшанба куни маҳаллий матбуотда эълон қилинди.
Божхона кодексининг янги матни Сенат томонидан ўтган йилнинг декабр ойида қабул қилинган эди. Ҳужжат матбуотда чоп этилганидан уч ой кейин, яъни – 21 апрелдан бошлаб амал қилишни бошлайди.
Давлат Божхона қўмитаси (ДБҚ) тушунтиришига қараганда, “Ички қайта ишлаш учун” тартиби Ўзбекистон корхоналарига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун керак бўладиган хом-ашёни, арзонлаштирилган божхона тўловлари билан олиб кириш ҳуқуқини беради. Ушбу маҳсулотлар республика ичида сотиш ёки бошқа мақсадларда олиб кирилган ҳолларда, улардан одатий (юқори) божхона солиғи олинади.
ДБҚ хабарига кўра, “ички қайта ишлаш учун” олиб кириш ҳолатлари, хом ашё нархи таёр маҳсулот нархидан баланд бўлган ҳолларда ишлатилади. Эски Божхона кодекси бўйича ушбу тартиб назорат қилинмас эди.
Янги БК олиб келинаётган маҳсулотлар ҳақида божхона постига олдиндан маълумот бериш тушунчаси ҳам киритилган. Ушбу янгилик юк ташувчи ёки юк эгаси томонидан олиб кириб келинаётган маҳсулот ҳақида Божхона органига олдиндан маълумот юбориш ҳуқуқини беради. Бу эса ўз навбатида товарларни божхонадан ўтишни расмийлаштириш жараёнини тезлаштиради. Олдин юк ташувчи барча ҳужжатларни божхона назорати постида тақдим қилар эди.
Божхона кодексининг олдинги таҳрири 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермай қолган эди. Ундан ташқари эски кодексга 350 норматив ҳужжатлар қўшимча қилинган эди.