ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавад Зариф Давос иқтисодий форумидаги чиқиши вақтида, бошловчининг Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида уруш бўлиши мумкинми, деган саволига қатъий қилиб: “Уруш бўлмайди”, дея жавоб қайтарди, хабар қилади РИА Новости.
"Йўқ", — деб таъкидлади у, бошловчининг Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида уруш бўлиши мумкинми, деган саволига жавобан.
Бошловчи Эрон Ташқи ишлар Бош вазирига ушбу саволни берганида, Муҳаммад Жавад Зариф аввалига ҳайрон оҳангда саволни такрорлаб олиб, сўнгра, бундай қарама-қаршилик рўй бериши мумкинмаслиги ҳақида изоҳ берди. Шу билан бир қаторда, у, Саудия Арабистони ҳам ўз навбатида “адоват юзага келишидан ҳеч ким манфаатдор эмаслигини тушуниши лозимлиги” ҳақида қўшимча қилди.
Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларда зиддият юзага келишига саудиячилар томонидан 2-январ куни 47 киши, шу жумладан, шиа имоми Нимр ан-Нимрнинг қатл этилиши сабаб бўлган эди. Имом қатли шиа сиёсатчилари ва диний арбобларини қаттиқ ғазаблантирди, оқибатда, Саудия Арабистонига қарши оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Эрондаги Саудия Арабистони ваколатхоналарига оммавий ҳужумлар уюштирилди. Бу воқеалардан кейин Ар-Риёд Теҳрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатганлиги ҳақида эълон қилди.