ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Халқаро Кураш ассоциацияси танлови бўйича 2015 йилнинг энг яхши курашчиси унвонига Ўзбекистонлик Давлат Абраев сазовор бўлди. Абраев ўтган йили Эронда бўлиб ўтган ўнинчи жаҳон чемпионатида, 73 кг ли вазнда олтин медал совриндори бўлган эди.
Ўзбекистонлик Муратбой Дусумбетов 2015 йилнинг энг яхши тренери деб тан олинди. Ўзбекистон терма жамоаси Эронда, умумжамоа биринчилигида бешта олтин, тўрт кумуш ва икки бронза медал билан биринчи ўринни эгаллади.
Дунёнинг энг яхши курашчи аёли деб 2015 йилда 70 кглик вазнда Африка чемпиони бўлган, Жанубий Африка республикаси фуқароси Галакси Экшон танланди.
Эроннинг Хуррамобод шаҳрида ўтказилган, катталар орасида жаҳон чемпионати ўтган йилнинг энг яхши чемпионати бўлди. Кураш олами учун энг муҳим воқеа эса — 2018 йил Осиё ёзги олимпиада ўйинлари рўйхатига Курашнинг киритилиши бўлди.