ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Бишкек милиция бўлимига мурожаат қилган қиз, ундан катта миқдордаги пулни фирибгарлик йўли билан олиб қўйишгани ҳақида хабар қилди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.
Жабрланувчининг сўзларига қараганда, Асал исмли аёл унинг ишончига кириб, 1 минг 132 доллар пулини олиб қўйган. Тергов хулосалари шуни кўрсатмоқдаки, ўзини “Иройим” фонди ходимаси сифатида таништирган аёл, соддадил қизга Данияда ишлаб келишни таклиф қилади. Ва ҳатто, бу борада унга яқиндан кўмак беришга тайёрлигини айтади.
Табиийки, “сиздан угина…” нақлига амал қилган фирибгар, “холис хизмат” учун “маълум миқдорда мукофот пули”ни олгач, мажбурияти ҳақида унутиб, кўздан ғойиб бўлади.
Ушбу воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Устаси фаранг “иш берувчи” тез орада қўлга олинди. 36 яшар Асал Ибраева, милиция ходимлари берган маълумотларга қараганда, шу турдаги бир қатор жиноятларда алоқадорлиги гумон қилинмоқда.
Тергов ишлари давом этмоқда.