Президент Ислом Каримовнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

© Sputnik / Алексей Никольский / Медиабанкка ўтишЎзбекистон президенти Ислом Каримов
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги мунособати билан, Ислом Каримовнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табриги.

ТОШКЕНТ, 14 янв  — Sputnik. Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги мунособати билан, Ислом Каримовнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табриги, Президент матбуот хизмати хабари асосида.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, қадрли юртдошлар!

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 24-йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиш менга улкан мамнуният бағишлайди.

Биз чорак аср мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўз вақтида қабул қилинган ва чуқур ўйланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Ўзбекистон армияси аскарлари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон армияси: етти муҳр остидаги сир

Мамлакатимизнинг замонавий Қуролли Кучларини ташкил этишда ҳарбий қурилиш соҳасига принципиал жиҳатдан янгича ёндашувнинг ишлаб чиқилгани кўп жиҳатдан ҳал қилувчи омил бўлди. Бу ёндашув эски, ўз умрини ўтаб бўлган, бир қолипдаги қарорлардан бутунлай воз кечиш, эҳтимол тутилган ҳарбий ҳаракатлар театри ҳамда яқин ва узоқ ён-атрофимизда шиддат билан ўзгариб бораётган вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, шунингдек, хорижий давлатларнинг тажриба ва ютуқларини амалий жиҳатдан пухта ўзлаштиришга асосланганини таъкидлаш лозим.

Бугун биз, миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий санъат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўзлаштириб, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди, деб ғурур билан айта оламиз. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ва улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Фурсатдан фойдаланиб, бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа характерига эга эканини, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимиз биринчи навбатда мамлакатимизнинг давлат суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қаратилганини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмайдиган давлат сифатида, ҳар томонлама чуқур ўйлаган ва тўлиқ англаган ҳолда, ўзи учун принципиал аҳамиятга эга бўлган муҳим йўлни танлаб олди ва шу йўлда қадам қўйди. Яъни, мамлакатимиз тинчликсевар сиёсат олиб бориш, ҳарбий-сиёсий иттифоқ ва коалицияларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий база ва обектларни жойлаштирмаслик, юртимиздан ташқарида бўладиган тинчликпарварлик операцияларида қатнашмаслик бўйича ўз позициясини аниқ-равшан белгилаб олди.

Ўзбекистон армияси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон қуролли кучлари

Бугунги байрам айёмида, авваламбор, ўзининг шарафли, олижаноб ва масъулиятли бурчини – Ватанни ҳимоя қилишдек буюк вазифани муносиб адо этаётган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига чин қалбдан ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.

Янги – 2016-йилда Қуролли Кучларимиз сафларида муқаддас бурчини бажариб келаётган сиз, мард ва ботир ўғлонларимизга – оддий аскар ва сержантларга, офицер ва генералларга Ватанга садоқат билан хизмат қилиш йўлида мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват ва катта муваффақиятлар, хонадонларингизга бахт ва фаровонлик тилайман.

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

 

Янгиликлар лентаси
0