ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Жанубий Корея қирғоғида соатига 55 км тезликда ҳаракатланган Япониянинг йўловчи кемаси ўзига яқин масофада сузиб бораётган улкан китга тўқнашиб кетган. Натижада, тўрт киши жароҳат олган, РИА Новости Япония ва Жанубий Корея ОАВлари маълумотлари асосида.
Япониянинг тезюрар "Beetle" кемаси Жанубий Кореянинг Пусан портидан йўлга чиққан. Кема бортида 180 га яқин йўловчи бўлган.
Тўқнашув туфайли юзага келган силкиниш оқибатида йиқилган йўловчилардан тўрт нафари жиддий жароҳат олган. Кеманинг ўзига ҳеч қандай шикаст етмаган бўлса-да, аммо у ортга, Пусан портига қайтган. Жароҳатланганлар касалхонага ётқизилган.