ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Анбар провинциясида Ироқ Ҳарбий Ҳаво Кучлари томонидан амалга оширилган зарба натижасида “Ислом Давлати” таркибида “ҳарбий вазир” ролини бажарган жангари йўқ қилинди.
“Ироқ Ҳарбий Ҳаво Кучлари Ҳадис шаҳри яқинидаги Анбар провинциясида амалга оширган авиазарбалар натижасида “Ислом Давлати”нинг “ҳарбий вазири” ва у билан бирга бўлган уч нафар террорчи ўлдирилди”, дейилган Ироқ ҳарбий қўмондонлик маълумотлар бюросининг Facebookдаги саҳифасида.
Маълумотлар бюроси декабр ойи охирида “Ар-Рамадийда “Ислом Давлати” террорчилар уюшмасининг "молия вазири" қўлга олинганлиги ҳақида хабар қилган эди.
"Ал-Арабия" телеканали маълумотларига кўра, ўлдирилган вазирнинг исми Самир Муҳаммад Матлуб ал-Махлавий ёки қисқача "Абу Муаз" бўлган. Хабар қилинишича, у билан биргаликда Ироқ ғарбидаги энг кўзга кўринган террорчилардан бири Хадван ар-Равий ҳам йўқ қилинган.
Ироқ армияси Анбар провинциясида мамлакат Ҳарбий Ҳаво Кучлари, халқ лашкари жангчилари ва АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция авиацияси кўмагида террорчиларга қарши ҳарбий операцияларни амалга ошириб келмоқда. Шу кунгача энг қаттиқ қаршилик кўрсатган Ар-Рамадий шаҳрининг 80%ини жангарилардан тозалашга муваффақ бўлинди.