Белоруссия дўконларида қундуз гўшти сотувга қўйилади

Oбуна бўлиш
Қундуз гўшти мол гўштидан икки ҳисса фойдалилиги таъкидланмоқда.

ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. "Белгосохота" корхонаси мутахассислари қундуз гўштини сақлашга оид техник шарт-шароитларни ишлаб чиқдилар. Энди ушбу маҳсулот Белоруссия дўконларида савдога қўйилиши кутилмоқда.

Ҳозирда Белоруссия нашрлари қундуз гўштининг фойдаси ҳақида маълумотларни кетма-кет чоп этишмоқда. ОАВларда таъкидланишича қундуз гўшти инсон организми учун ниҳоятда фойдали витамин ва минералларга бой. “Мисол учун, таркибида мавжуд кальций ва фосфор туфайли у мол гўштидан устун туради. Қундуз гўшти таркибида темир моддаси бошқа оддий гўштлардагига нисбатан икки баробар кўп; таркибида С витамини мавжудлиги эса уни нодир маҳсулотга айлантиради” деб ёзади нашрлардан бири. Айтганча, таркибида ёғ миқдори жуда пастлиги туфайли қундуз гўшти парҳез таомлар учун жуда мос келиши айтилмоқда.

Хуллас, ҳозирда Белоруссияда қундуз гўшти мамлакат бренди даражасигача олиб чиқилиши учун ҳаракат қилинмоқда. Белоруссияликларнинг фикрига кўра, қундуз гўшти туфайли мамлакатга келувчи сайёҳлар сони ортиши мумкин. Чет элликлар жониворлар маконлари, уларнинг “меъморчилик санъати” намуналаридан баҳраманд бўлибгина қолмай, қундуз гўштидан тайёрланган ажиб таомларни таътиб кўришлари ҳам мумкин бўлади.

Расмий маълумотларга кўра Беларуссияда қундузлар сони 60 мингга яқин, норасмий маълумотларда эса бу сон 80 минг деб кўрсатилмоқда. Олимлар тақдим этган маълумотларга қараганда, қундузлар мамлакатдаги барча сув ўзанларини ўзларига макон қилиб олган. Жониворлар томонидан қурилаётган тўғонлар ҳудудларда сув тошқинлари рўй беришига сабаб бўлмоқда. Бир неча йил муқаддам қундузларнинг бир қисми Литвага миграция қилган эди. Ўшанда бу ҳолат Литва ҳукумати томонидан норозиликлар билдирилишига сабаб бўлган.

Янгиликлар лентаси
0