ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Ayyıldız деб номланувчи турк хакерлари гуруҳи Anonymous хакерлари сайтини бузганлиги ҳақида эълон қилди. Энди улар Россия сайтларига киберҳужум уюштиришни режалаштирган, РИА Новости, Аksam нашри асосида.
Anonymous гуруҳи хакерлари ўтган ҳафтада “Ислом Давлати”ни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб, Туркияга қарши киберуруш эълон қилган эди. "Агар Туркия “ИД”ни қўллаб-қувватлашни тўхтатмаса, интернет, серверлар, банклар, ҳукумат сайтлари, аэропорт ва ҳарбий объектларга киберҳужум уюштиришда давом этаверамиз” огоҳлантирди Anonymous вакили.
Нашрда ёзилишича, куни кеча Anonymous сайтида гўёки “Сизга Ayyıldız киберармияси ҳужум қилди” деган ёзув, Туркия байроғи ва республика асосчиси Мустафо Камол Отатурк сурати пайдо бўлган.
"Биз Туркия ҳукуматини камситмоқчи бўлганларга сабоқ бериб қўйдик. Навбат — Россияга", — деди ўзини Жеткан Бир Яфес деб таништирган Ayyıldız гуруҳи раҳбари.
Ayyıldız гуруҳи 2002 йил ташкил топган. Гуруҳ миллий дунёқарашга эга хакерларни бирлаштиради.
Яфес шунингдек, турк сайтларига уюштирилган киберҳужумларда Россиянинг қўли борлиги яққол сезилаётганини айтди. Ва бунга жавобан турк хакерлари Россия маҳкамалари сайтларига ҳужумга тайёргарлик кўришганини, ва энг аввало, Мудофаа вазирлиги сайти бузилишини маълум қилди.
Бундан сал олдин Туркия мамлакатида 40 мингга яқин веб-сайтлар киберҳужумларга дучор бўлган эди. Ва бу мамлакат веб-сайтларига уюштирилган энг кенгкўламли ҳужум бўлганлиги таъкидланди.