ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Бугун эълон қилинган Президент Қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб уяли алоқа компанияларининг ҳар бир абонент рақами учун тўлайдиган тўлов миқдори икки баробарга ортади.
Мисол учун, бугунги кунда уяли алоқа операторлари бир ойда ҳар бир абонент рақами учун 750 сўмдан тўлашса, 2016 йилнинг январидан бошлаб, бу тўлов миқдори 1500 сўмни ташкил қилади.
Президент, шунингдек, келиб тушадиган маблағлар механизмига ҳам тузатиш киритди. 2015 йилда маблағнинг 70% давлат бюджетига, 30% — Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитасига йўналтирилган. Келгуси йилдан бошлаб, давлат бюджетига ўтказиладиган маблағ миқдори 80%ни, Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси оладиган улуш эса 20%ни ташкил қилади.
Абонент рақами учун тўлов Ўзбекистонда 2012 йилнинг 1 январида жорий қилинган. Бу ҳолат абонент тўловига дарҳол ўз таъсирини кўрсатди. Компания жорий қилган тарифдан келиб чиққан ҳолда абонент тўлови бирдан 5-13%га ошган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда уяли алоқа абонентлари сони 22 миллиондан ортди. Мамлакатда бешта мобил алоқа операторлари фаолият юритмоқда: Россияга қарашли Beeline ва UMS (МТС ширкати), Ucell, миллий Uzmobile оператори ва Perfectum Mobile ўзбек компанияси.
Ҳукумат тахминига кўра 2020 йилга келиб уяли алоқа абонентлари сони 27 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу вақтга келиб аҳолининг 90% интернет билан таъминланиши кўзда тутилган.