ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Жамоатчилик фикрини ўрганувчи “Ижтимоий фикр” маркази “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри-2015” ижтимоий тадқиқотини ўтказди. Унга кўра, жамоатчилик мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётини юқори баҳолашган.
Сўровномага мувофиқ, 90,8% фуқаро учун жорий йил самарали келган. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳолат жамоатчилида қониқиш ҳиссини уйғотган.
Респондентларнинг аксарияти, бунинг боисини яшаш тарзи яхшилангани, эртанги кунга ишонч ортгани билан изоҳлаганлар.
Респондентларнинг 60% — ўз шахсий автомобилига эгалигини таъкидлашган бўлса, 80% дан ортиғи — замонавий ва бошқа узоқ муддат фойдаланиш мумкин бўлган техникага эга эканликларини айтганлар. Сўровномада қатнашганларнинг 90%дан ортиғида ўз турар жойига эга эканлиги қайд этилган.
Сўровнома бутун мамлакат регионлари бўйлаб ўтказилган. Унда турли ижтимоий қатлам – давлат хизматчилари, тадбиркорлар, фермерлар, талабалар, ишчилар, аёллар ва эркаклар, ёшлар, нафақа ёшдагилар, турли миллат ва диний конфессия вакиллари иштирок этишган.