Фазогир Солижон Шарипов: Янги йилда Марказий Осиёда тинчлик ҳукм сурсин!

© NASAФазогир Солижон Шарипов
Фазогир Солижон Шарипов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Янги йил остонасида фазогир Солижон Шарипов ўз ватандошларини муборакбод этди. Фазогир кириб келаётган йилда Марказий Осиёда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини тилади.

 

Қирғизистон ва Россия фазогири, Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, Россия Федерацияси қаҳрамони(ўзбек) Солижон Шарипов Sputnik мухбирига Янги йилни қаерда кутиб олиши ва байрамда эркакларга қандай совға ҳадя этиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

— Солижон Шокирович, 2015 йил ўз поёнига етишига саноқли кунлар қолди. Шахсан Сиз учун йил қандай келди ва ўтаётган йилнинг энг муҳим воқеаси деб қайси воқеани кўрсатган бўлар эдингиз?

— Ўтаётган йил оиламиз учун жуда муваффақиятли келди: ҳамма соғ-саломат, энг муҳими, шу йил 21 мартда қиз набирам дунёга келди! Давлат миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам ҳаммаси аста-секинлик билан қарор топмоқда. Баъзи бир қийинчиликларга қарамай, одамлар келажакка ишонч билан қарашмоқда: жорий йилда Қирғизистон ЕАЭСга қўшилди, одамлар Россия ва Қирғизистон яқинлашуви яхши натижалар олиб келишига ишонишмоқда. Умид қиламанки, худди шундай бўлади ҳам. Келаётган йилда инқироз барҳам топиб, ҳаммаси ўз ўрнига тушади, деб ўйлайман.

— Янги йил – оилавий байрам, деган иборага қўшиласизми? Агар сир бўлмаса, Янги йилни қаерда кутиб оласиз?

— Мусулмонларда Янги йилни нишонлаш одати йўқ. Биз собий Иттифоқ давридан 31 декабр ва 1 январ кунларини байрам сифатида нишонлашга одатланганмиз. Шу боис, бу байрам яқинлар даврасида нишонланади.

Мен ҳам бундан истисно эмасман: Янги йилни уйда, оилам даврасида кутиб олишни режалаштиряпман. Арча безатишга ҳам улгурдик(табассум қилади). Албатта, уйга, дўст-биродарлар меҳмонга келишади. Янги йил кириб келгач, биз ҳам балки меҳмонга борамиз.

— Аксарият аёллар Янги йилда ўз турмуш ўртоқларига қандай совға беришни ўйлаб, бир қарорга келишга қийналишади. Балки, сиз айтарсиз, кучли жинс вакилларига қандай совға кўпроқ маъқул бўлишини?

     Менимча, совға берилиши шарт бўлган байрам –  бу туғилган кун. Бошқа байрамларда эътиборнинг ўзи кифоя. Совғанинг қимматбаҳолиги ҳам муҳиммас: қўлда ясаган бежиримгина совға қиммат нархда олинган совғадан азизроқ бўлиши мумкин. Шу боис, Янги йилда нима совға қилсам экан, деб бош қотиришнинг кераги йўқ, деб ҳисоблайман(кулади). Бошқа томондан, агар совға олишни жуда хоҳласангиз, балки кейинчалик керак бўладиган ёки иштаҳа билан паққос туширса бўладиган нарсани совға қилган маъқул, деб ўйлайман(кулади). Кераксиз нарса совға қилсангиз, у байрамдан кейин ўз аҳамиятини йўқотади. Одатда, уларни ё ахлатга ташлаймиз, ёки улар йиғилиб қолган кераксиз нарсалар уюмига қўшилади. Ширинлик совға қилсангиз – еган одам ҳам хурсанд, совға берган одам ҳам совғаси ёққанидан хурсанд(кулади).

— Ўзбекистон ва Қирғизистон халқига кириб келаётган йилда қандай тилак билдирган бўлар эдингиз?

— Янги йилда барчага авваломбор соғлик, оилавий ҳотиржамлик, ишларида барқарорлик тилайман. Нимаики ният қилган бўлишса, кириб келаётган йилда, албатта, амалга ошишига тилакдошман. Энг муҳими, Марказий Осиё мамлакатлари: Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларда тинчлик ҳукм сурсин.

Одамлар ва халқлар ўртасида дўстлик алоқалари янада мустаҳкамлансин, бугунги кунда мавжуд салбий нарсалар ҳаммаси ўтаётган йилда қолиб кетсин. Тилагим, келаси йилда биз бугундан кўра бахтлироқ бўлайлик!

 

Янгиликлар лентаси
0