ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik, Юлия Орлова. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўзига ўринбосар тайёрлаш нияти йўқлигини маълум қилди. Аммо мамлакат ҳимояси учун конституцияга ўзгартиришлар киритмоқчилигини маълум қилди.
"Ўрнимга ворис тайёрламоқчи эмасман. Президент халқ томонидан сайланиши керак", — деди Қирғизистон раҳбари 2015 йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот-анжуманида.
Атамбаев, шунингдек, келажакда Бош вазир ёки спикер бўлиш нияти йўқлигини айтиб ўтди. “Айни пайтда икки йилдан сўнг ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик кетяпти. Аммо ҳукуматни эгаллаш учун исталган пулни беришга тайёрлар ҳам кўп”, — таъкидлади у.
Атамбаевнинг фикрича, собиқ президент Қурманбек Боқиев тарафдорлари ҳукумат раҳбарлигига қайтиб, давлатни ўмаришни давом эттирмоқчи. “Бу жуда хатарли. Мамлакатни уларга ўхшаганлардан ҳимоялаш керак.Эслаб кўринг, беш йил олдин мамлакатда журналистларни осонликча уриб ёки ўлдириб кетиш мумкин эди. Ана шундай кимсалар бугун ҳукумат тепасига қайтишни режалаштиряпти”, — деди Атамбаев.
У шунингдек, конституцияга ўзгартириш киритилишини маълум қилди. “Мамлакат бошқарув шаклини танлаб олиш лозим. У президентлик ёки парламент бошқаруви бўлиши мумкин. Агар парламент бу ислоҳотларимни қўллаб-қувватламаса, тўғридан-тўғри халққа мурожаат қиламан”, — деди у.
Президент шунингдек, “сайловлар четдан келаётган пул эвазига ўтказилиши ҳеч кимга сирмас”лигини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, мамлакатга икки миллиард доллар киритилган.
Президент террорчилар сафида жанг олиб бораётганларни фуқароликдан маҳрум қилишини айтди. “"ИД” сафига Қирғизистондан бориб қўшилганлар 500га яқин. Бу жиддий муаммо. Фуқароларимизнинг террорчилар сафига қўшилганимас, балки, улар мамлакатга қайтиб келаётгани ёмон. Террор йўлини танладими, уларга ортга йўл йўқ. Аммо Конституцияга мувофиқ, ҳозирча ҳеч кимни фуқароликдан маҳрум қилолмаймиз. Буни ўзгартиришимиз керак”, деди Атамбаев.