ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. UNCITRAL Халқаро арбитраж трибунали Британияга қарашли Oxus Gold компаниясининг Ўзбекистондаги тоғ-кончилик лойиҳалари бўйича даъвосини рад этди, дейилади компания хабарномасида.
"2011 йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold компанияси ва Ўзбекистон ўртасида 50/50 ҳиссалик асосида тузилган "Омонтой Голдфилдз" қўшма корхонасини тугатиш қарорини қабул қилди. Бунга олтин ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида тузилган дастурлар кам самара бераётгани сабаб қилиб кўрсатилди.
Ўз навбатида, Oxus Gold, 2011 йилнинг августида қўшма корхонани тугатиш режаси ҳамда ҳукуматнинг 2006 йилда "Хондиза" кўп металли конидаги қазилмаларга унинг эксклюзив эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қарори устидан Ҳалқаро арбитраж судига шикоят қилди. Ушбу кон 2006 йилдаёқ "Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати" АЖга топширилган эди. Oxus Gold компанияси Ўзбекистон томонидан етказилган умумий зарар — 400 миллион АҚШ доллар, деб баҳолади.
21 декабр куни холис суд Oxus Goldнинг "Хондиза" лойиҳаси бўйича даъвосини тўлиқ рад қилди, халқаро суд, шунингдек, Британия компаниясининг "Омонтойтов Голдфилдз" қўшма корхонаси бўйича даъвосини ҳам рад этди.
Шу билан бирга, Халқаро суд Ўзбекистон ҳукуматига Британия компаниясига 10,3 миллион доллар, шунингдек, 2004-2010 йиллар учун фоизларни икки давлат ўртасидаги сармояларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишувнинг бузилиши муносабати билан бадал пули сифатида тўлашни юклади, хабар қилади Oxus Gold.
Oxus хабар беришича, Британия компанияси Ўзбекистонга қарши янги даъво аризаларини тайёрламоқда. Компания вакиллари тез кунда Париж арбитраж судига мурожаат этиш ниятида.
"Омонтой Голдфилдз" қўшма корхонаси 2003 йилда марказий Қизилқумдаги тоғ-конида умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхонани ишга туширган.
Корхонанинг лойиҳавий қуввати оксидланган рудаларни қайта ишлаш бўйича йилига 1 млн тоннани, олтин ишлаб чиқариш бўйича йилига 6,3 тоннани ташкил қилган. Унинг акциядорлари Oxus Gold (50 %), Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси (40%) ҳамда Навоий тоғ-металлургия комбинати (10%) эди. 2013 йил февралида Навоий вилоят хўжалик суди қўшма корхонани банкрот деб топди, унинг активлари Навоий тоғ-металлургия комбинати балансига ўтказилди.