"Сурия менинг Ватаним. У менга онам сингари азиз. Онамнинг бошига кулфат тушганида, у оғриганида, мен албатта, унинг ёнида бўлмоғим шарт. Ҳозир Сурия оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Шу боис, мен у билан, унинг ёнида бўлишим керак. Аввалгидек, осойишта ҳаёт кечира олишим учун уни даволашим керак. Бу менинг биринчи галдаги вазифам, — дейди аёллар батальони аъзоларидан бири.
Сурия давлат қўшинлари махсус аёллар батальонида бугун 800 га яқин аёллар хизмат қилмоқда. Шарқ гўзаллари 2013 йилдан буён шаҳарларда патрул хизматида. Улар назорат-ўтказув пунктлари хавфсизлигини таъминлашмоқда.
Дамашқдаги аёллар академияси курсантлари эркаклар билан бир қаторда жанговар тайёргарликлар олиб боришади. Уларга милтиқдан ўқ узиш ва граната улоқтириш сир-асрорлари ўргатилади.
Сурия Қуролли Кучлари сафига жасур ва давлатнинг ҳозирги тартибига содиқ аёлларгина қабул қилинади.
Сурия армиясининг махсус аёллар батальони – дунёдаги энг ёш армиялардан бири ҳисобланади. Сурия президенти Башар Асад кўнгилли аскар-аёлларга 2013 йилда армия сафига қўшилишга рухсат берди. Президент мамлакатдаги қуролли кучлар сонини сақлаб қолиш мақсадида шундай қарорни қабул қилди.
Сурияда 2011 йилнинг март ойи бошланган қуролли можаро ҳанузгача давом этмоқда. Бунда қуролланган террор уюшмалари (“Ислом давлати” ва “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи жангарилари) давлат армияси аскарларига қарши курашиб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қонли тўқнашувлар 250 минг киши ҳаётига зомин бўлган.