— Шаҳзода, иккинчи ўғлингиз туғилишидан олдин, Россия шоу-бизнесини забт этишга ҳаракат қилган эдингиз. Наҳотки, бу режангизни йиғиштирдингиз? Ёки вақтинча танаффус эълон қилдингизми?
— Тўғри, кенжа ўғлим туғилгач, маълум вақт Москвага бора олмадим. Аммо рус тилида қўшиқлар ёзишни тўхтатганим йўқ. Россияга бир кунга гастрол уюштиришнинг иложи йўқ, ундан ортиқ фурсатга эса оиламни ташлаб кетолмайман. Ҳозир ўғлим икки ёшда. Шу боис, Россия билан боғлиқ ижодимда кичик танаффус эълон қилганман. Ижодимга келсак, танаффуссиз ишлаяпман. Рус, ўзбек ва инглиз тилларида альбомларимни чиқаришга тайёргарлик кўряпмиз. Улар устида интернационал гуруҳ иш олиб бормоқда. Шу кунларда "Мое чудо" номли треким Россия мусиқий каналларида намойиш этилади. Бу янги йилга бағишланган — севги, оила ва бахт ҳақидаги қўшиқ. Қолаверса, MY5 телеканалининг янги йил шоу-дастурида суратга тушиб, Ванесса Парадининг француз тилидаги — Joele Taxi таронасини ижро этдим. Тошкент аҳли учун Янги йил кечасида телеканалларда намойиш этиладиган янгиликларим бисёр.
— Россия учун асосан рақсбоп қўшиқлар ёзасиз. Лирик қўшиқларингизга талаб йўқми?
— Биласизми, Россияда айнан рақсбоп қўшиқларим негадир кўпроқ оммалашади. Лекин лирик тароналарим ҳам бор. "Сердце матери", "Без тебя"…
— Ўзингизни R&B жанрида ҳам синаб кўрдингиз? Кўнглингизга қайси яқинроқ экан?
— Ижодий тажрибаларни яхши кўраман. Агар бирор жанрни қизиқ деб топсам, албатта, қўл уриб кўраман. Турли тилларда қўшиқ куйлаб кўрдим. Тўғри, қийинчиликсиз кечди, деб айта олмайман, аммо бирор янгилик қилишга бўлган қизиқиш мени ҳамиша енгаверади.
Лекин, ростини айтсам, маълум бир драматик тақдир ҳақида куйланадиган тароналар кўнглимга яқин. Фильмларда ҳам кўпинча драматик ролларни ижро этаман. Бу жанрда ўз ролимни яхши ижро этишимга, маҳзун қўшиқларни яхши куйлай олишимга шубҳа қилмайман. Лекин дўстларим кўпинча мендан нима учун комедияларда роль ижро этмаслигим ҳақида сўрашади. Чунки улар билан ҳазиллашишни яхши кўраман. Лекин мени фикримча, комедик актёр бўлиш жуда мураккаб. Агар иқтидор Аллоҳ томонидан инъом этилмаган бўлса, комедия жанри оддий инсонлардан улкан меҳнатни талаб қилади…
— Кино оламида қандай янгиликларга қўл уряпсиз?
— Жуда бандлигим, қолаверса ўғлим ёшлиги боис, кино соҳасида ҳозирча янгилик йўқ. Фақат режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Барон” фильмига “Сирдошим” номли саундтрэк ижро этдим.
— Яратган меҳнат маҳсулотларингизни тинглаб кўриш, қайта ишлашга вақт топасизми?
— Авваллари шундай қилардим. Ҳаммасини бир бошдан кўриб чиқиб, ўз устимда ишлардим. Икки йилдирки, телевизор кўрмайман, ҳатто. Вақт йўқ. Мусиқа, учрашув, корпоративлар кишини жуда толиқтиради. Оилам бағрига қайтганимда, эътиборимни фақат уларга қаратаман. Охирги пайтларда, ҳатто, янгиликларни интернет орқали билиб оляпман. Ҳайрият, телефон ҳамиша ёнимда. Аммо ундан ҳам рулда ҳайдовчим бўлсагина фойдаланаман.
— Автомобилни қачондан бери бошқарасиз?
— 2005 йилдан бери. Профессионал ҳайдовчи, деб ҳисоблашингиз мумкин.
— Йўлда ГАИ инспекторлари тўхтатишадими?
— Ҳа, бир-икки бор тўхтатишган. Умуман олганда йўл ҳаракати қоидаларини бузмасликка ҳаракат қиламан. Қонунни ҳурмат қиладиган фуқароман. Инспекторлар ҳайдовчилик гувоҳномамни кўриб, “Нега бу ерда Зилола Мусаева деб ёзилган” деган савол беришади. Уларга асл исмим Зилола, Шаҳзода эса — тахаллус эканлигини тушунтиришга тўғри келади.
— Паспортда ҳали ҳам Зилоламисиз?
— Ҳа. Исмимни ўзгартириш режамда ҳам йўқ. Зилола ота-онам томонидан қўйилган исм. Саҳнадаги тахаллусимни эса турмуш ўртоғим танлаган.
— Шахзода, турмуш ўртоғингиз продюсер, ўз хусусий овоз ёзиш студиясига эга. Репертуарингизни танлашда у киши ёрдам берадими?
— Аллоҳга шукрки, турмуш ўртоғим билан мусиқий қарашларимиз жуда ҳамоҳанг. У менга ниманидир маслаҳат бериши мумкин, лекин босим ўтказмайди. Энг қизиғи, унга ёққан қўшиқ менга ҳам ёқади ва аксинча. Бир-биримизни ҳурмат қиламиз.
— Биринчи ва иккинчи ўғлингиз орасидаги ёш фарқи деярли ўн етти йил?!
— (кулади) Мен ўзим ҳам баъзан бунга ҳайрон қоламан. Ҳолид туғилиши жараёнида ижод билан жуда банд эдим. Қандай қилиб бундай қарорга келдим, ҳайронман. Лекин, ростини айтсам, тўнғич ўғлим туғилганида, унга етарлича эътибор бераолмаганман. Ўзимни уни олдида айбдор ҳис қиламан. Агар қачонлардир яна фарзандли бўлсам, санъат соҳасидан маълум вақт узоқлашаман. Оналик бахтидан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўламан, дердим ҳамиша ўзимга. Лекин ҳозир яна ҳаммаси такрорланаяпти. Яна болага қарагани энага ёллаганмиз. Яна ўзимни айбдор ҳис қиляпман…
Ўғлим Ҳолид билан фақат кечқурун кўришаман. Кўпинча, келганимда, у ухлаб қолган бўлади. Лекин кўпинча ўзимга ҳафтасига икки марта дам олиш эълон қилишга ҳаракат қиламан. Шундай кунларда ўғлимни кун бўйи эркалатаман, уни ўпаман, бағримга босаман. У билан бўлганимдан завқ оламан.
— Ҳолид ва Chicco таронангизга ишланган клип қаҳрамони ўртасидаги ўхшашлик ҳақида нима дейсиз? Ахир клип ўғлингиз туғилмасидан олдин ишланган, шундайми?
— Ҳа, бу ўхшашлик ҳақида мухлисларим ҳам кўп айтишади. Холид ва клипдаги мультқаҳрамон ўртасидаги ўхшашлик сабаби оддий. Гап шундаки, Chiccoни чизган мультипликатор интернет орқали топган болаликдаги суратимдан фойдаланган экан. Ҳолид менга, ёшлик пайтимга жуда ўхшайди. Ўхшашликнинг боиси шунда.
— Катта ўғлингиз нима билан шуғулланяпти?
— Тўнғич ўғлим — Солиҳ, январ ойида 19 га тўлади. У мустақил инсонга айланган. Шу йил Россиянинг Плеханов номли Иқтисодиёт университетининг бизнес ва иқтисод факультетига ўқишга кирди. Бунгача психолог бўлишни орзу қиларди.
— Унинг танловида сизнинг ҳам таъсирингиз борми?
— Йўқ, нималар деяпсиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам танлаш ҳуқуқини ўзига қолдираман. Менимча, агар фарзандингиз нимагадир интилса, бешта институтни тамомлаган тақдирда ҳам, охир-оқибат кўнглига яқин касбга қайтади.
— Ундаги истеъдодчи?
— Тўғри, истеъдодини тан оламан. Аммо бу мен учун янгилик бўлган. Нима учун кутилмаган. Чунки, мен уни дунёга келтирганимда, санъат билан умуман боғлиқ бўлмаганман. Ўша пайтларда хонандаликни орзу қилмаган оддий аёл бўлганман. Шоу-бизнесга кириб келишим тақдири азал. Шукрки, ҳаммаси яхши кечди.
Мана энди икки фарзандни дунёга келтириб, ҳеч қачон санъат олами билан боғлиқ бўлмаган ота-онамни тушунгандай бўляпман. Отам фалсафа фанлари доктори, онам педагог. Мен эса кутилмаганда хонанда бўлишни орзу қилдим. Уларнинг ўша пайтдаги аҳволини тасаввур қилинг. Ота-онам қарорим қатъий эканлигига ишонч ҳосил қилмагунликларига қадар, жуда ҳавотир олишган. Шу боис, мен ҳам ўғлимнинг диджейликка қизиқишини кўриб, бу шунчаки хобби эканлигига, у бу ишни касб қилиб танламаслигига ишонгим келади. Эркак киши жиддийроқ соҳани танлаши керак. Мусиқа у учун хобби бўлиши лозим, деган фикрдаман.
— Айтганча, икки фарзанднинг онаси сифатида кўринишингиз аъло. Бу ниманинг таъсири: спорт ёки соғлом озиқланиш?
— Спорт билан шуғуллангани менда минг афсуски, вақт йўқ. Фаол турмуш тарзим ҳар қандай фитнесдан аъло, деб ўйлайман. Соғлом озиқланишга келсак, ҳақсиз. Ёғли, қовурилган, шўр, нордон таомлардан мутлақо воз кечганман. Сабзавот ва мевалар жону-дилим. Бир ойдирки, гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечдим. Гўшт ўрнини денгиз маҳсулотлари эгаллаган.
— Демак, паловхонтўрани истеъмол қилмайсиз?
— Икки ойда бир марта, жуда соғинганимда ўзимга рухсат беришим мумкин. Севимли миллий таомим — димлама. У сабзавотларга бой.
— Шахзода суҳбатимиз давомида, сиз ҳақингизда жуда мулойим, очиқкўнгил экансиз деган фикрга келдим. Дўстларингиз ҳам кўп бўлса керак?
— Вақт синовидан ўтган ҳақиқий дўстларим саноқли. Аммо, сиз ҳақсиз, шоу-бизнес оламида ҳамкасбларим билан осонликча тил топиша оламан.
— Россияда-чи, дўстларингиз кўпми?
— Оилавий дўстларимиз кўп. Ҳаммасини санаб ўтишимдан маъно йўқ. Москвага борганимда, кўришамиз, деган умиддаман. Учрашувимизни соғиниб кутаман.